Ўзбекистонда амалдорларнинг совға олиши тақиқланмоқда
Жамият
−
09 Декабрь 2021
7616“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.
Қайд этилишича, унда давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари, давлат фуқаролик хизматига кириш очиқ танлов асосида амалга оширилиши, давлат фуқаролик хизматчисининг ротацияси, хизмат сафарлари, ижтимоий ҳимояси, хусусан, давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети ҳисобидан мажбурий суғурта қилиниши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳлар, тоифаларга бўлинади ва малака даражалари ҳамда давлат фуқаролик хизмати лавозими туркумлари тартибга солинади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар белгиланиб, ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият тури билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифаларини бажариши эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёхуд совға олиш, чет эл фуқаролигига эга бўлиш, республика ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва эгалик қилиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланмоқда.
Шу билан бирга қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида боб ажратилган бўлиб, унга кўра, давлат фуқаролик хизматчисининг манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгиланиши ва риоя қилиш юзасидан мониторинг ва назорат ўтказилишини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчисининг совға олиш ва бериш тартибини белгилаш, давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари, хусусан давлат фуқаролик хизматчисининг хизматда ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидаларини белгилаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
LiveБарчаси