Ўзбекистон ЖССТнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди
Жамият
−
25 Август 2020
8442Аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича COVAX халқаро механизмини йўлга қўйгани, унга 172 давлат қўшилгани ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда ЖССТ портфелида коронавирусга қарши 9 та вакцина мавжуд экани айтилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистон ҳам ташкилотнинг коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилди. Маълум қилинишича, ташкилот барча вакцина ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилади. Ушбу механизм барча аъзо мамлакатларнинг лицензияланган ва тасдиқланган вакциналардан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ЖССТ Европа минтақавий бюросига аъзо бўлган 53 давлатдан бири бўлиб, ташкилот билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келади. Ташкилотнинг 69-сессиясида унинг директорлигига сайланган доктор Ханс Клюге ўзининг илк расмий хорижий ташрифини 2020 йил 10 феврал куни айнан Ўзбекистондан бошлаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунингдек, 2019 йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган ЖССТнинг олий органи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг ЖССТ Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланган.
Ушбу кенг кўламли ҳамкорлик айни вақтда коронавирусга қарши кураш масаласини ҳам қамраб олган. Ҳозирда ЖССТ Европа минтақавий бюросининг вақиллари Олег Стороженко ва Таня Шмид Ўзбекистонда бўлиб, коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь