Ўзбекистон ва Покистон “ўсиш нуқталари”ни белгилаб олди
Жамият
−
15 Июль 2021
3987Ўзбекистон ва Покистон етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг расмий ташрифини давлатлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очадиган муҳим сиёсий воқеа, деб баҳолади.
"Кўп қиррали алоқаларимиз охирги йилларда сифат ва мазмун жиҳатидан юқори босқичга кўтарилиб бораётгани бизни мамнун этади. Ҳозиргина якунланган тор ва кенгайтирилган доирадаги музокаралар дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги интилишларимиз қатъий эканини исботлади. Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигининг бугунги юқори даражасидан келиб чиқиб, давлатларимиз ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладик. Бу муҳим қадам алоқаларимиз тарихида янги даврни бошлаб беради, деб ишонч билан айта оламиз", дейди Шавкат Мирзиёев.
"Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим, ин шо Оллоҳ, охиргиси бўлмайди. Биз жаноб Президент билан жуда кенг қамровли мулоқот қилдик. Суҳбатимиз ғоятда самимий бўлгани ва узоқ давом этганидан унинг охирига бориб мен ўзбекчани тушуна бошладим. Чунки урду тили билан ўзбек тили бир-бирига яқин. Бугунги кунда Покистон ва Ўзбекистонда аҳолининг қуйи қатламларига эътибор қаратиш, камбағалликни қисқартириш, таълимни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамоҳанг. Биз савдо-иқтисодиёт, транспорт, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги имкониятларни атрофлича муҳокама қилиб, стратегик келишувларга эришдик", деб таъкидлади Имрон Хон.
Ўзаро ишонч ва очиқлик, самимий ва амалий руҳда ўтган самарали музокараларда шерикликнинг янги имкониятлари кўриб чиқилиб, “ўсиш нуқталари” белгилангани қайд этилди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ўсгани, келгусида ушбу рақамларни яна тўрт-беш баробарга ошириш бўйича келишиб олингани таъкидланди.
Ташриф арафасида ўтган Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ва бизнес-форум доирасида 500 миллион доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар бўйича келишувларга эришилган. Транзит ва савдо тўғрисидаги битим режалаштирилган улкан мақсадларга эришишга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги, уруғчилик ва чорвачилик, машинасозлик ва қурилиш, фармацевтика ва кимё, енгил саноат ва бошқа устувор соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга келишилгани маълум қилинди.
“Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилгани қайд этилди.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олингани айтилди. Томонлар нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини тасдиқладилар.
Шунингдек, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтилди.
LiveБарчаси