Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказади

Жамият

image

Бугун, 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлаган. 

Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилган.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошган. 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Етакчилар куни кеча ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатлар келишиб олингани ҳамда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат чора-тадбирлар режаси қабул қилинганини олқишлаган.

Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва шу соҳада инфратузилмани барпо этиш борасидаги тажрибани алмашишдан манфаатдор экани билдирилган.

Кеча Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форумининг самарали натижалари алоҳида эътироф этилган. Унинг якунида савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланган.

Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилишларини тасдиқлаган.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.

Шавкат Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирган. 

Жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ташкил этишга келишиб олинган.

Йиғилиш давомида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ҳисоботлари ҳамда музокаралар кун тартиби юзасидан аниқ таклифлари ҳам тингланган.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Александр Лукашенкога расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Минск шаҳридаги Мустақиллик саройида расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг