Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклик ўрнатиш учун мулоқот бошлади
Жамият
−
14 Декабрь 2021
5211Кеча, 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу раҳбарлик қилдилар.
Мулоқот чоғида сиёсат ва дипломатия, иқтисодиёт ва тараққиёт, хавфсизлик, инсон ўлчови, маданий-гуманитар алоқалар йўналишларидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари доирасидаги муносабатлар юзасидан фикр алмашилди.
АҚШнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги доимий ва қатъий позицияси яна бир бор тасдиқланди. АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни фаол қўллаб-қувватлашга тайёрлиги маълум қилинди.
Томонлар “C5+1” механизми доирасидаги ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш ва ушбу форматни салмоқли натижаларга эришиш даражасига олиб чиқиш лозимлигини қайд этган.
Делегациялар терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш, Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакатни можародан кейинги тиклаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олган.
Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини аниқ йўналишлар бўйича институционаллаштириш, шунингдек, Инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда Икки томонлама солиққа тортишдан қочиш тўғрисида Битимлар тузиш бўйича музокаралар жараёнини бошлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.
LiveБарчаси