Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 9 поғона пастлади
Жамият
−
18 Февраль 2022
4860Heritage Foundation (“Мерос” жамғармаси, АҚШ) томонидан “Иқтисодий эркинлик индекси – 2022” навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисоботда Ўзбекистон 177 та мамлакатлар орасида 55,7 балл (сўнгги ҳисоботга кўра рейтинг баҳоси - 2,6 баллга пастлади) билан 117-ўринни (2021 йилда 108-ўрин) эгаллаган. Индекс методологиясига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳида қолди.
“Иқтисодий эркинлик индекси – 2022” ҳисоботи 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 30 июнгача бўлган давр давомида амалга оширилган ислоҳотлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларига асосланган.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда умумий жиҳатдан қараганда 35 та ўринга юқорилади, бироқ 2022 йил ҳисоботига кўра, 9 та поғонага пастлаган. Мазкур ҳисобот методологияси, шу жумладан, бир қатор индикаторларнинг ўзгариши ва индикаторларнинг балларни аниқлашда уларни ҳисоблаш ҳамда халқаро маълумотлар манбаларнинг ўзгариши асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, “Мерос жамғармаси” томонидан нашр этилган ҳисоботга кўра, Жаҳон банки ўзининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботини тўхтатгани сабабли 2022 йил индекси мулкчилик ҳуқуқи, суд самарадорлиги, ҳукумат яхлитлиги, бизнес эркинлиги ва меҳнат бозори эркинлигини ўлчайдиган субфакторлар учун бошқа очиқ маълумот манбаларини қабул қилди. Хусусан, индекс энди ўз баҳолашларида Freedom House ва бошқа манбалардан олинган маълумотларни ўз ичига олади.
Шунингдек, COVID-19 пандемиясига жавобан давлат сиёсатининг ўзгарувчанлиги дунёнинг кўплаб мамлакатларида иқтисодий шароитларда, жумладан, иқтисодий эркинлик даражасида сезиларли тебранишларга олиб келгани қайд этилиб, ушбу ўзгаришлар доимий ёки вақтинча эканлиги ҳозирча номаълумлиги тўғрисида таъкидлаб ўтилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган ўзгаришлар натижасида баллар кесимида 177 та давлатдан 119 тасида (67,2 фоиз) пасайиш қайд этилган.
Индекс методологиясига киритилган ўзгартиришлар натижасида барча МДҲ давлатлари рейтингида баллар қийматининг пасайиши қайд этилган ва фақат икки давлат (Молдова ва Туркманистон) ўз позицияларини яхшилаган.
Дунё рейтингининг энг юқори 3 та поғонасида Сингапур (84,4 балл), Швейцария (84,2 балл) ва Ирландия (82,0 балл) эгаллаган бўлса, энг қуйи ўринларда эса Куба (29,5 балл), Венесуэла (24,8 балл) ва Корея Халқ Демократик Республикаси (3,0 балл) ўрин эгаллаган.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари: Қозоғистон 64-ўринни, Қирғизистон 116-ўринни, Тожикистон 147-ўринни, Туркманистон 165-ўринни эгаллаган.
LiveБарчаси