Ўзбекистон бюрократияни тўхтатиш учун янги дастурни ишга туширади
Жамият
−
28 Ноябрь 4495 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг бугун, 28 ноябрь куни қабул қилинган “Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида белгиланган.
Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- Давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
- тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;
- рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳаларида мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш;
- ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш мақсадида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилади ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- Дастурни муваффақиятли амалга ошириш масалалари бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш;
- ҳар йил якунида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) томонидан давлат бошқарувида бюрократияни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаш, эълон қилиш ҳамда давлат ташкилотлари ва ташаббускорларни рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиш.
Шунингдек, бюрократияни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш, бу борада амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш Агентлик оператори ва мулкдори ҳисобланадиган “Zero Bureaucracy” рақамли платформаси орқали амалга оширилади. Дастур доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда аниқ натижаларга эришиш учун давлат ташкилотларининг биринчи раҳбарлари шахсан масъул бўлади.
Агентлик бир ой муддатда:
- Лойиҳа офиси фаолияти йўлга қўйилиши учун зарур ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади;
- “Бюрократияни бартараф этиш” миллий мукофот танловини ўтказиш регламенти лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига киритади. Бунда мазкур танловни ҳар йили ўтказиб бориш назарда тутилади;
- Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “Zero Bureaucracy” рақамли платформаси ишга туширилишини ва мунтазам янгилаб борилишини таъминлайди.
Фармойиш ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов зиммасига юкланади.