Ўзбекистон Афғонистонга қарийб 300 тонна шошилинч ёрдам жўнатди
Жамият
−
06 Сентябрь 8321 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 сентябрига ўтар кечаси Афғонистоннинг шарқий ҳудудларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, бағрикенглик ва ҳамдардлик рамзи сифатида Кунар ва Нангарҳор вилоятлари аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар ортилган 300 тоннага яқин юк Ўзбекистон халқи номидан Балх вилоятига етказилган. Ҳайратон шаҳридаги “Астрас” компанияси ҳудудида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ҳамда икки томон расмийлари иштирок этган.
“Юборилган ёрдам таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган”, дейилади хабарда.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатилаётган бундай инсонпарварлик ёрдами учун чуқур миннатдорлик изҳор этган.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Геология хизмати Жалолобод шаҳридан 27 км шимоли-шарқда, Покистон билан чегарадош ҳудудда 8 км чуқурликда 6 магнитудали зилзила содир бўлганини хабар қилган эди. Маҳаллий маъмурлар эса бу мамлакатда содир бўлган энг ҳалокатли зилзилалардан бири бўлганини айтганди.
Бу – “Толибон” ҳукумати ҳокимиятга келганидан (2021 йил) бери юз берган учинчи йирик зилзила. Хорижий кучлар чиқиб кетгач, давлат молиясининг асосий қисмини ташкил этган халқаро ёрдам ҳам кескин қисқарган. Дипломатлар ва ёрдам ташкилотлари бутун дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон”нинг аёлларга нисбатан сиёсатлари (хусусан, аёл ходимларга қўйилган чекловлар) сабаб молиявий кўмак қисқарганини айтишмоқда. Гуманитар ёрдам миқдори ҳам 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан жорий йилда 767 миллион долларгача камайган.
Охирги маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони 2205 кишига, жароҳатланганлар сони эса 3640 нафарга етган. Зилзиладан энг кўп жабр кўрган Нур-Гул, Савки, Чапа-Дара ва Маноги туманларида қутқарув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбариятига ҳамдардлик билдирганди.
Live
Барчаси