Ўзбек каратэчилари А серия мусобақсида 2 та бронза медалини қўлга киритди
Спорт
−
20 Май 2019
383717-19 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида каратэнинг WKF йўналиши бўйича А серия туркумига кирувчи йирик мусобақа бўлиб ўтди.
Мазкур турнирда иштирок этган икки ўзбекистонлик каратэ устаси бронза медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Мусобақада дунёнинг 101 давлатидан 1800 нафардан ортиқ каратэчи медаллар билан бирга Токио олимпиадасига бериладиган рейтинг очколари учун ҳам баҳс олиб боришди.
Нуфузли мусобақада қатнашган 6 нафар ўзбек спортчисидан 2 нафари совриндорлар сафидан жой олди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда 61 кг.гача вазн тоифасида иштирок этган Барно Мирзаева бронза медалини қўлга киритди. Биринчи учрашувда эронлик Алтуни Негинни мағлуб эта олган юртдошимиз кейинги баҳсда мезбон вакиласи Кобан Мервега имкониятни бой бериб қўйди. Ўтиш баҳсларида Белгия, Бразилия, Эквадор ва япониялик каратэчилардан устун келган Барно учинчи ўрин учун беллашиш имкониятини сақлаб қолди. Бронза учун кечган баҳсларда эса тунислик Хаснау Бутенани 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Мирзаева 3-ўринни қўлга киритди.
Жамоага навбатдаги медални 60 кг.гача вазн тоифасидаги Садриддин Сайматов тақдим этди. Чорак финалгача Белгия, Иордания, Грузия, Эрон ва Греция вакилларидан устун келган ўзбек спортчиси ярим финалга йўлланмаси учун баҳсда қозоғистонлик Эркинбек Байтурешевга имкониятни бой бериб қўйди. 3-ўрин учун кечган баҳсларда Сайматов италиялик Анджело Кресензони мағлуб этди.
Маълумот учун, аҳамияти бўйича Премьер-Лига мусобақаларидан кейин иккинчи ўринда турувчи А серия туркумига кирадиган халқаро мусобақа жорий йил 4 босқичда ўтказилиши режалаштирилган. Иккинчиси Истанбулда уюштирилган ушбу нуфузли мусобақанинг дастлабкисига Зальцбург (Австрия) мезбонлик қилган. Кейинги босқичлар Монреаль (Канада, 21-23 июнь) ва Сантьяго (Чили, 20-22 сентябрь) шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь