“UzAuto” машинасозликни ривожлантириш режаларини тақдимот қилди

Бизнес

image

“Ўзавтосаноат” АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков Шавкат Мирзиёевга қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ривожлантиришнинг тақдимоти билан таништирди.

Президентнинг 2019 йил 31 июлдаги қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва сотиб олишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилган эди. Бу ўз натижаларини бериб, фермер ва деҳқонлар унумдор техникаларга эга бўлмоқда. Жумладан, шу йил биринчи чоракнинг ўзида 1 минг 600 та техника учун 23 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Модернизация натижасида 2021 йилда тракторлар таннархи 4 минг 600 долларга арзонлаштирилган. Айни пайтда илгари зарар билан ишлаган тармоқ корхоналари фойдага чиққан. Соҳани саноат кластери усулида ривожлантириш мақсадида Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ташкил этилмоқда. Бугунги кунда у ерга собиқ Технолог ва Агрегат заводлари ускуналари тўлиқ кўчирилган.

Тақдимотда шундай ишлар ва навбатдаги режалар кўриб чиқилди. “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги — катта ва муҳим тармоқ. Бу — ҳосилдорлик юқорилиги, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Замонавий техникалар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, сифат ва хизмат нуқтаи назаридан ҳали қилинадиган ишлар кўп”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ишларни тизимли олиб бориш учун бош вазир раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги масалалари бўйича комиссия тузилиши белгиланди. Аввало, Чирчиқдаги кластерга кўчирилган қувватлар негизида культиватор, сеялка, косилка, чизел, борона ишлаб чиқаришни бошлаш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Тошкент трактор заводини ҳам кўчириб, кластерни 2023 йил январдан тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди. Унгача агрокластерлар ва фермерлар талабини ўрганиб, аниқ буюртмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилди.

Бугунги кунда ерни лазер орқали текислаш техникаларига талаб юқори. Шу боис мутасаддиларга шундай техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди. Эскирган тракторлардан тўлиқ воз кечиб, янги миллий трактор моделини яратиш бўйича кўрсатма берилди.

Пахтани комбайнда териш улуши 2022 йилда 35 фоизга, 2023 йилда эса 50 фоизга етказилиши қайд этилди. Йил якунигача Андижонда металл қуйиш заводини ишга тушириб ҳамда 90 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириб, техникалар таннархини камида 12 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Деҳқон ва фермерларни ўйлантирадиган масалалардан яна бири — техника бузилса, уни тузатиш, эҳтиёт қисмлар топиш ва таъмирлаш. Шу боис Президент машинасозликда савдо ва сервис хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим яратиш, 14 та ҳудудда сервис маркази ва 100 та мобил гуруҳлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Янги техникалар, умуман, қишлоқ хўжалиги механизасияси бўйича мутахассисларни ўқитиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июл ойида ҳукумат қарорларига мувофиқ “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Тошкент агрегат заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Uz Claas Agro” ва “Технолог” АЖ устав капиталидаги давлат улушларини “Ўзавтосаноат” АЖ ишончли бошқарувига ўтказилганди.

Реклама ҳуқуқи асосида.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг