“Ўйинқароқ” Ким Чен Ин ёхуд ракета учириш унинг ҳоббисими?

Таҳлил

Шимолий Корея 3 ноябрь куни нақ уч марта баллистик ракета учирди. Шунинг билан Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан учирилган ракеталар сони шу йилнинг бошидан буён қарийб ўттиз биттага етди.

Хусусан, мамлакат январь ойи ўрталарига қадар ҳам учта гипертовушли баллистик ракеталар синовини ўтказиб, 15 январь куни Пхеньян нима учун тинимсиз янги қуролларини кўз-кўз қилаётганининг сабабини изоҳлаганди.

КХДР эълон қилган баёнотга кўра, унинг бу ҳаракатлари йил бошида кетма-кет Пхеньянга қарши янги санкциялар жорий қилган АҚШга жавоб зарбаси сифатида қабул қилиниши керак.

Шунингдек, Шимоий Корея ҳукумати икки давлат ўртасидаги муносабатларда “қарама-қаршилик позицияси” сақлаб қолиниши ва Пхеньян Вашингтонга қарши янада кучлироқ ва аниқроқ чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган.

Мамлакат марказий ахборот агентлиги (KCNA) эса Япон денгизида муваффақиятли амалга оширилган янги қуроллар синовларини “мамлакат армиясининг жангавор шайлигини синовдан ўтказиш” дея баҳолаган.

Баъзи экспертларнинг фикрича, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўзига қўшни бўлган давлатлар ва АҚШ билан тинчлик музокараларини олиб боришда антиқа усулдан фойдаланмоқда. У аввалига даҳшатли қуроллар билан уларни ваҳимага солиб, кейин тинчлик битимини тузишни таклиф қилади.

Шу тариқа Ким Чен Ин АҚШнинг асабига тегиш учун япон денгизида ўзининг ҳарбий ракеталарини синашда давом этаверди.

Масалан, у жорий январь ойининг ўзидаёқ жами еттита ракетани учиришга улгурган. Улар тактик бошқариладиган ракеталар ва темир йўл ракета тизимини, шунингдек, ҳавога кўтарилгандан кейин манёвр қила оладиган гипертовушли ракеталардан иборат эди.

Февраль ойида бироз танаффус олган Корея Халқ Демократик Республикаси март ойида яна ўзининг ракета синовларини авж олдира бошлади.

5 март куни Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси Шимолий Корея томинидан баллистик ракета учирилгани ҳақида журналистларга SMS орқали хабар берган.

16 март куни эса Япониянинг NHK телеканали Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан яна бир баллистик ракета учирилгани ҳақида хабар берди.

Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси эса Пхеньяннинг қитъалараро баллистик ёки ядровий ракета синовини амалга оширишга тайёрланаётганидан бир кун олдин, яъни 15 март куни хабар топган. Шундан сўнг, Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари Корея ярим оролидаги ўз ҳарбий бўлинмаларининг жанговар тайёргарлигини оширганини маълум қилган.

Шимолий Кореянинг бу қилиқларига худди ўзидек жавоб қайтармоқчи бўлган Жанубий Корея ҳарбийлари 16 март куни баллистик ракета синовини ўтказган. Афсуски, бу синов “муваффақиятсиз” дея баҳоланган. 

24 март. Япон денгизи томонга яна бир номаълум ракета учирилди. Табиийки, гумонланувчи сифатида биринчи галда Шимолий Корея топилган. Аммо, дастлабки маълумотларда отилган ракетанинг баллистик ракета экани аниқланиб, у қайси масофадан учирилгани номаълумлигича қолган.

Шундан сўнг, Жанубий Корея ҳарбийлари 16 апрель куни тахминан соат 18:00 да КХДР томонидан Корея яриморолининг шарқий соҳилидаги Хамхин шаҳри ҳудудидан Япон денгизига қараб иккита снаряд отилганини қайд этган. Маълумотларга кўра, снарядларларнинг парвози максимал баландлиги 25 километрни ташкил этган ва таъкидланишича, Ким Чен Иннинг шахсан ўзи янги тактик бошқариладиган қурол тизимининг муваффақиятли синовдан ўтказилишини назорат қилган. 

Май ойида Шимолий Корея томонидан худди шундай баллистик ракеталар учирилиши тўрт марта такрорланди. Хусусан, 4 май санасида битта, 12 майда бирданига учта, 25 май куни ҳам яна учта ракета япон денгизи томон Шимолий Кореянинг турли ҳудудларидан учирилган.

Бундай ракета синовларининг биринчи навбатда ўзи учун катта хавф эканлигини яхши англаб етган Жанубий Корея барибир тинчлик музокаралари ўтказишдан умидини узмади.

Жумладан, Жанубий Кореянинг янги сайланган Президенти Юн Сок Ёль янги ҳукумат Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларни тинч йўл ва мулоқот орқали бартараф этишга интилади ва таҳдидга қарамай мулоқотни давом эттиради.

“Шимолий Кореянинг ядровий қурол дастурлари нафақат бизга, балки Шимолий-Шарқий Осиё хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда. Шунга қарамай, бу таҳдидни тинч йўл билан бартараф этиш учун мулоқот ойнаси очиқ қолади”, деган у.

5 июнь санасида эса Шимолий Корея Япон денгизи томон саккизта қисқа масофали баллистик ракета учирди.

Бунга жавобан АҚШ ва Жанубий Корея ҳам 6 июнь куни ракета синовларини амалга оширди. 

“АҚШ ва Жанубий Корея кучлари инқирозларга тезда жавоб бериш қобилиятини намойиш қилиш учун қўшма учириш машқларини ўтказмоқда”, дея изоҳланган АҚШ Қуролли Кучларининг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги баёнотида.

Аммо Шимолий Корея бу билан тўхтаб қолмади ва 12 июнь куни ялпи ҳужум реактив тизимидан бир қанча снарядлар учирди.

17 август кунидаги иккита ракета парвози эса бу сафар Сариқ денгиз томон йўналтирилди.

Таъкидланишича, қанотли ракеталар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузмаяпти, балки узоқ масофаларга аниқ зарбалар бериш қобилияти туфайли каттароқ хавф туғдирмоқда.

25 сентябрь куни Шимолий Корея Япон денгизи томонга, 28 сентябрь куни эса Япония томонга тўғридан тўғри баллистик ракета учирди

Унинг бу хатти-ҳаракати бутун дунё ҳамжамияти томонидан қаттиқ қораланди.  Бироқ, буларнинг ҳеч бири Ким Чен Инга таъсир қилмади ва 29 сентябрь куни яна ракета синови ўтказилаверди.

Жимолий Корея октябрь ойининг 4 санасида ҳам яна Япониянинг нақ устидан ракета учирди. 

Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета 1 минг километргача баландликда учган ва 4,6 минг километр масофани босиб ўтган. У Пхеньяннинг ракета синовлари тарихидаги максимал масофани босиб ўтган.

Ракета Хоккайдо ва Аомори префектураси томон учган. Шу муносабат билан Япониянинг шимолий ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш янграган ва одамлардан бошпаналарга тушиш талаб қилинган. Бироқ Шимолий Кореядан учирилган ракета Япония ҳудуди устидан учиб ўтиб, Тинч океанига тушган.

Япония ўзини-ўзи мудофаа кучлари парвозга жавоб бермаган. Ҳеч қандай зарар ҳақида маълумот йўқ. Япония аҳолиси ракета парчалари тушиши мумкинлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирилган ва уларга тегмаслик сўралган. Бундан ташқари, тезюрар “Шинкансен” поездларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

Япония ҳукумати миллий хавфсизлик кенгашини чақирди. Токио Пекиндаги дипломатик каналлар орқали Пхеньянга кескин норозилик билдирди. АҚШ ракета учирилишини ўйланмаган ва беқарорлаштирувчи ҳаракат сифатида қоралади.

Бу КХДРнинг сўнгги бир неча кун ичида бешинчи ракета учириши ва йил бошидан бери 23 ракета синови бўлди. Шимолий Корея ракетаси охирги марта 2017 йил сентябрида Япония устидан учиб ўтган эди.

Ким Чен Иннинг бу ҳаракатидан ғазабланган АҚШ ва Жанубий Корея Корея яриморолининг шарқий қирғоқлари яқинида тўртта ракета учиради ва бу иттифоқчиларнинг сўнги 24 соат ичидаги иккинчи машғулоти бўлган. 

Ракеталар беллашуви давом этади 6 октябрь куни Ким Чен Ин Япония денгизига иккита баллистик ракета учирди.

Шундан кейин эса Корея Халқ Демократик Республикаси давлат матбуоти ваниҳоят мамлакатнинг сўнгги пайтларда ўтказган ракета синовларининг сирларини ошкор қилишни бошлади. Бу ҳаракатларнинг барчаси КХДРнинг Жанубий Кореядаги потенциал нишонларни ўққа тутишга тайёрлигини кўрсатишга мўлжалланган симуляция қилинган режаларнинг бир қисми эканлиги айтилди. 

Бундан кўринадики, Шимолий Кореянинг шу пайтгача ўтказаётган ракета синовлари қўшниси Жанубий Кореяга қарши бўлган.

Шимолий Корея ишчилари ядровий қуролларни тез ва хавфсиз ташишни текшириш учун “тактик ядро каллакларини юклаш” деб таърифланган машқларни бажариш учун 25 сентябрь куни сув омбори остидаги машғулотларда қатнашгани айтилди.

Ҳисоботларда келтирилишича, Шимолий Кореянинг 25 сентябрдан 9 октябргача бўлган сўнгги машғулотлари “душманларга кучли ҳарбий реакция огоҳлантириши” ҳамда мамлакатнинг жанговар қобилиятини текшириш ва яхшилаш учун мўлжалланган.

Шунингдек, Ким Чен Ин Жанубий Корея ва АҚШни “душманлар” деб атаган ва улар билан музокара олиб боришга ҳожат йўқлигини айтган.

Ким Чен Ин яна Пхеньян душманларнинг ҳарбий ҳаракатларини синчковлик билан кузатишини ва керак бўлса, “барча ҳарбий қарши чораларни кўришини” таъкидлаган. 

Америка Қўшма Штатлари, Жанубий Корея ва Япония Шимолий Кореянинг сўнгги ракета синовларига қарши қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишга қарор қилди.

16 октабрь куни эса Жанубий Корея баллистик ракета учирилишининг кучайиши муносабати билан Шимолий Кореянинг 15 нафар фуқароси ва 16 та муассасасига бир томонлама санкциялар киритди. 

“Биз Шимолий Кореянинг мисли кўрилмаган частотадаги сўнгги ракета провокацияларини кескин қоралаймиз”, дейилди Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги  хабарида.

17 октябрда бошланган Хогук машқларининг сўнгги кунида Корея Республикаси Ҳарбий-денгиз кучлари ва денгиз пиёдалари корпуси Япония денгизи соҳилидаги Пхохан шаҳри яқинида кенг кўламли амфибия десант машқларини ўтказди. 24 октябрь куни Корея Республикаси Ҳарбий-денгиз кучлари Сариқ денгизда 20 та кема иштирокида кенг кўламли манёврларни бошлади. 

Кейинроқ Япония, Жанубий Корея ва АҚШ Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари Шимолий Кореянинг ядро синовлари масаласи бўйича уч томонлама учрашув ўтказди. Учрашувда Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Шимолий Корея ядровий синов доирасида яна ракета учирса, мисли кўрилмаган жавоб қайтаришга ваъда берган.

Аммо КХДР қўшнисининг пўписасига қарамай, 28 октабрь куни иккита қисқа масофали баллистик ракета учирди.

Унинг бу синовлари 2 ноябрда ҳам, 3 ноябрда ҳам қайтарилди. Икки кунда 4 марта учирилган Шимолий Кореянинг баллистик ракеталарига жавобан Жанубий Корея ҳозирча ўзи ваъда қилган “мисли кўрилмаган жавоб”ни қайтарганича йўқ.

Бироқ, 31 октябрь куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳамкорлигида “Vigilant Storm” қўшма ҳарбий машғулотлари старт олди. Унда 240 га яқин ҳарбий самолётлар иштирок этмоқда. 4 ноябрга қадар давом этиши белгиланган машғулотлар Шимолий Кореянинг кетма-кет баллистик ракеталар учириши ортидан узайтарилди. 

Қўшма машғулотларга  Жанубий Корея ҳарбий-ҳаво кучларининг 140 га яқин самолётлари, жумладан F-35A, F-15K, KF-16 қирувчи самолётлари, KC-330 ёнилғи қуйиш самолёти, Америка томонидан эса юзга яқин самолёт, жумладан F-35B қирувчи самолётлари, EA-18 электрон разведка самолёти ва U-2 жосуслик самолёти жалб қилинган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг