Умра зиёратидаги аёллар нима учун Равзаи муборакка киритилмаётганига изоҳ берилди
Жамият
−
23 Февраль 2022
16417Ижтимоий тармоқларда Умра зиёратига борган ўзбекистонлик аёллар Мадинадаги Масжидун-Набавий ҳудудидаги Равзаи муборакка киролмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу масала юзасидан ваколатли мутасаддилар билан тегишли ўрганиш ишларини олиб борган. Унда айни кунларда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги жорий этган янги тартибга биноан Мадинаи мунавварадаги Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларига аёл зиёратчиларнинг аксарияти киритилмаётгани аниқланган. Бошқача қилиб айтганда, аёллар учун Масжиди Набавийда ибодат ва намоз ўқиш учун кириш-чиқиш бемалол, фақатгина ушбу масжиднинг ҳудудида жойлашган Равза қисмига киришга вақтинчалик чекловлар ўрнатилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси вакиллари жорий йилнинг 20 февраль куни Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги вакили Абдулазиз бин Абдулраҳим Ваззан билан учрашув ўтказиб, Масжидун-Набавийдаги Равзаи шариф зиёратига қўйилган чекловларни муҳокама қилганлар.
“Ваззан жанобларига кўра, шу йилнинг февраль ойи бошларида карантин чекловлари қайтадан кучайтирилгани сабабли, сиғим имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аёллар учун Равзаи шарифни зиёрат қилиш жадвал асосида, ҳар куни 2 маротаба (соат 08:00-12:00 ва 16:00-24:00)да амалга оширилиб, оралиқ масофани сақлаш шарти билан ҳар 30 минутда, фақатгина 500 нафар аёл (шундан 200 нафари маҳаллий ахоли)га зиёрат учун рухсат берилган. Чекловдан олдин, яъни 5 февралга қадар бир вақтнинг ўзида 1500 нафар аёлга рухсат берилган эди”, дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, Равзаи шарифни зиёрат қилиш навбати асосида, “Иътамарна” мобил иловаси орқали якка тартибда (зиёратчи томонидан) ёки ҳамкор ширкат томонидан “Tawof” платформасида жамоавий рухсатнома олиш орқали ташкил этилмоқда.
“Айни вақтда карантин чекловлари ҳамда навбат юқорилиги сабабли кўп давлатларнинг аёл зиёратчилари, шу жумладан ўзбекистонлик аёллар учун ҳам Равзаи шарифни зиёрат қилиш вақтинча имконсиз бўлмоқда.
Таъкидлаш лозимки, аёллар учун Равзаи шарифга киришга рухсатнома олиш учун Подшоҳлик ҳудудига киргандан бошлаб ўртача 10 кунга қадар кутиш талаб этилмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Шу муносабат билан ҳамда Ҳаж ва Умра вазирлигининг “1443 ҳижрий йил умра мавсуми қоидалари ва иш юритиш механизмлари тўғрисида”ги Йўриқномасининг 2-бўлим 3-банди (“умрачиларнинг мамлакатга келишлари ва яшашлари билан боғлиқ барча шартлар ва қоидаларни зиёратчиларга етказиш”) асосида Равзаи шарифдаги чекловлар юзасидан зиёратчиларни хабардор этиш таклиф этилган.
Мусулмонлар идорасига кўра, жорий йил март ойидан бошлаб карантин чекловлари юмшатилиб, Равзаи шариф қабул сиғими босқичма-босқич кўпайтирилиши кутилмоқда.
“Маълум қиламизки, ушбу масалада енгиллик қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчихонаси воситачилигида Ҳаж ва Умра вазирлигига бевосита хат йўллаган. Ушбу жараёнларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси диққат билан кузатиб бориб, умрачиларга зиёратларини тўлиқ амалга ошириш бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади”, дейилади идора хабарида.
LiveБарчаси