Украина Ўзбекистон иштирокидаги битимдан чиқди

Олам

image

Украина Вазирлар Маҳкамаси 1992 йилда Москвада тузилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимдан чиқди. Тегишли қарор кеча, 29 ноябрь кунги йиғилишда қабул қилинди, дейди ҳукуматнинг Олий Рададаги вакили Тарас Мельничук. 

“Украинанинг 1992 йил 13 мартда Москвада тузилган МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битимдан чиқиши якунланди”, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида. 

Россия ҳам бу келишувдан чиқди. Жорий йилнинг 11 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин ушбу келишувни денонсация (давлатнинг ўзи тузган халқаро шартномани тегишли равишда рад этиши – таҳр.) қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади, қонун 30 июндан кучга кирди. Давлат Думасининг тушунтириш хатида айтилишича, келишувдан чиқиш Россия Пенсия жамғармаси бюджетидан 2023 йилдан 2025 йилгача 2,2 миллиард рублгача тежаш имконини беради. 

Шартнома 1992 йил 13 мартда Москвада имзоланган. Унинг иштирокчилари Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина бўлди. Шартномада ҳар бир иштирокчи давлат фуқаролари учун пенсия олиш ҳуқуқини белгилашда собиқ СССР ҳудудида олинган иш стажлари ҳисобга олиниши назарда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

750

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг