Украина, Эрон ва санкциялар... Оқ уй Байден ва Путин учрашуви тафсилотларини очиқлади
Олам
−
08 Декабрь 2021
5976АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинни Украина атрофидаги вазиятни юмшатишга чақирди. Оқ уй Матбуот хизмати икки давлат раҳбарининг онлайн учрашувидан кейин эълон қилган хабарида шу ҳақида ёзган.
Музокара чоғида Байден АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия қўшинлари Украина чегараси яқинида “тўпланиши”дан хавотирда эканини айтиб, Путинни Украина атрофида вазиятни юмшатишга ва муросага қайтишга чақирган.
“Президент Байден Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳарбий вазият кескинлашган тақдирда қатъий иқтисодий ва бошқа чоралар билан жавоб беришини аниқ айтди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Оқ уй эгаси АҚШ ҳар доим Украина давлатининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Томонлар шунингдек, стратегик барқарорлик ва киберхавфсизлик бўйича икки томонлама мулоқотни ҳам муҳокама қилган. Бундан ташқари, улар минтақавий мавзуларга масалан, Эронга тўхталиб ўтган.
Қайд этиш керакки, музокаралар кескинлашган қарама-қаршиликлар фонида ўтди. Ғарб Москвани Украинага “бостириб киришни” режалаштирганликда айбламоқда ва янги санкциялар жорий этиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Россия эса барча даъволарни рад этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юзма-юз форматда Президентлар илк бор жорий йилнинг июнь ойида Женевада учрашганди. Ўшандан кейин етакчилар бир неча бор телефон орқали гаплашган.
Достон Искандаров
LiveБарчаси