Ўқитувчи сифатли дарс ўтиш эмас, “кўпроқ соат олиш” дардида – Мирзиёев ўқитувчиларни биринчи марта танқид қилди
Жамият
−
28 Январь 2022
14138Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди. Қайд этиш керакки, Президент биринчи бор ўқитувчиларни бу тарзда кескин танқид қилмоқда.
Йиғилишда Президент мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига кескин баҳо берган.
Хусусан, фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақатгина назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, уларни мантиқий фикрлашга, амалий кўникмаларни шакллантириш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳаётга тайёрлашга ўргатмаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқлиги урғуланган.
"Бу педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати етарли эмас. Улар ўқувчиларга фақатгина ўзи "чала билган” нарсаларни ўргата олади, холос. Сабаби, ўқитувчиларнинг ўзининг устида мустақил ишлаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилмаган. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади", дейди Президент.
Таъкидланишича, мактабларда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисобот мавжуд, ўқитиш, тадбирлар ўтказиш каби барча жараёнлар “ҳаддан ташқари қолипга солинган”.
Давлат раҳбари, шунингдек, бугунги таълим тизимига қандай раҳбарлар кераклигини ҳам айтиб ўтди.
“Бизга сифатли таълим тизими, замон талабларига жавоб берадиган ва барча шарт-шароитларга эга мактаблар, уларда малакали педагог-кадрлар, бошқарувчилик ва лидерлик қобилиятига эга мактаб директорлари керак”.
LiveБарчаси