Уч ёшли боланинг умуртқасида ноёб операция ўтказилди

Саломатлик

image

Кеча, 20 апрель куни Тошкентда туғма нуқсони бўлган уч ёшли қизалоқнинг умуртқа поғонасида ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қибрайлик уч ёшли қизалоқ сколиоз касаллигининг энг оғир даражаси билан туғилган. Устига-устак, ривожланиш нуқсони умуртқа поғонасининг буйин, кўкрак ва бел-думғаза қисмларида ҳам бўлган. 20 апрель куни Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида ана шу қизалоқнинг умуртқа поғонасида ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. 

“Муолажа 3 соат давом этди. Унда умуртқа поғонаси сколиотик деформацияни коррекциялаш ва эндокорректор-фиксациялаш амалиёти ўтказилди. Жонлантириш бўлимидаги бир кунлик интенсив муолажалардан сўнг қизалоқ реабилитация бўлимига ўтказилди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳозир унинг аҳволи қониқарли. Оғриқ қолдирувчи ва умумий қувватловчи муолажалар олмоқда. Бемор тезда оёққа туриб, соғлом ҳаётга қайтади. 

Марказ директори Мурод Ирисметовнинг сўзларига кўра, болаларда сколиоз қанча эрта аниқланса, муолажа ҳам шунча самарали бўлади. Чунки улар улғайгани сари умуртқа поғонасидаги суяклар ҳам қаттиқлашиб, даволаш қийинлашади. Кеч босқичларда эса операция қилишга тўғри келади. 

“Авваллари бизда бундай туғма нуқсонли беморларда амалиётларни муваффақиятли ўтказиш учун унинг ёши катта бўлиши кутилар эди. Оқибатда бу умуртқа поғонасида иккиламчи деформациялар ва ички органларда иккиламчи ўзгаришларга, қолаверса, юрак-қон томир касалликлари ва нафас етишмовчилигига сабаб бўларди. Уч ёшли беморда ўтказилган операция шуниси билан ҳам ноёб ва мураккаб ҳисобланади”, дейди Мурод Ирисметов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг