ТВ бизнес “ўйин”ларига тикилаётган инсон онги ёхуд “Zo'r TV” га бари барибир(ми?)

Таҳлил

image

…“Мияни чайиш” деган ибора ҳеч қулоғингизга чалинганми? Бу атама илк бор 1950-йилларнинг бошларида америкалик журналист Эдвард Хантер томонидан хитойча “ҳси нао” иборасининг таржимаси ўлароқ истеъмолга киритилган. Хитойликлар Кореядаги ҳарбий асирлар учун мўлжалланган лагерларга тушиб қолган (1950-1953) америкалик аскарларга таъсир ўтказиш усулини шартли равишда шундай атаганлар.

Хитой коммунистлари руҳий ва жисмоний таъсир кўрсатиб, асирларнинг хатти-ҳаракатларида жиддий ўзгаришлар пайдо қилишга, ўзлигидан айириб, — дунёқарашларини тубдан ўзгартиришга эришишган. Ва бу ўша давр учун энг шафқатсиз ва ноинсоний усул саналган… 
Бугун бу усул омманинг онги билан боғлиқ ҳар қандай жараёнда қўлланилмоқда. Тўғри, бутун бошли жамиятга жисмоний тазйиқ ўтказишнинг иложи йўқ, аммо руҳий таъсирнинг исталган услубидан фойдаланишмоқда. 
Аввалига ҳаммаси оддий: биз мияни шунчаки дам олдириш, маданий ҳордиқ чиқариш учун телевизор кўрамиз, деб ўйлаймиз. Аслида… Илмий тадқиқотлар шуни тасдиқламоқдаки, телевидение руҳий ва ахлоқий жиҳатдан сезимсиз, аммо аниқ натижали таъсир кўрсатади. Телевизор томоша қиладиганларнинг аксарияти ёмон одатлари кўпайиб кетаётгани ва вақт танқислигидан нолишади. Аммо худди банги каби ундан узилолмайди.
Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда сериаллар мавзуси кун тартибига қўйилди-ю, баҳонада телевидениемизнинг оқсоқ жиҳатлари янада яққолроқ кўриниб қолди. Мантиқсиз фильмлар, мазмунсиз ҳаёт ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи видеомаҳсулотлар намойиши одамларимизни безов­­та қилаётгани маълум бўлди. Бироқ шунча гап-сўзлардан кейин қандай ўзгариш бўлди? Афсуски, ҳеч қандай!

Бугун мактаб ёшидаги қизлар суҳбатига қулоқ тутинг-а. Сериаллар, телевизордаги аёлларнинг нима кийиши-ю қандай юриши уларнинг муҳокамалари мавзусига айланган. “Устурлоб” кўрсатувида ихтиролар ҳақида гапирадиган ўқувчини, “ZO‘R TV” бошловчиси Индира таъбири билан айтганда, «музейга олиб бориб қўйиш керак». “Дугоналар шоу”нинг 30 мартдаги сонида ҳам худди шундай фикр билдирилди. Кулги объекти – содда қишлоқ қизи. Унинг устидан шундай масхаралашмоқда: “Инс­таграмни билмасакан, фақат китоб ўқиракан…” Мана сизга маънавий аҳволимиз…
Бугун оналарнинг сериалдан бўшамаслиги, шунинг учун фарзандлар тарбиясида бўшлиқлар пайдо бўлаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Ёхуд келинларнинг айнан ТВга қарамлиги ортидан уй ишларининг уддасидан чиқолмай, турмуш “мушт”ларига рўбарў келаётгани ҳақида тез-тез эшитяпмиз. Оилаларни барбод этаётган хиёнатларнинг “сценарий”си сериаллардан такрор эканлигига кўникдик. Қаранг, “кўнгилочар” ниқоби остидаги кўрсатувларга бефарқ бўлинган Америкада ҳомиладор аёлларнинг аксарияти 13 ёшгача бўлган қизларни ташкил қилаётгани ҳам бизни ҳушёр қилолмаяпти!!! 
ТВ бизнеси “ўйин”ларига онг тикилаётгани одамни ташвишга солади. Якунда эса бўм-бўш каллаларни хирмон қилмоқдамиз. Энди бу каллаларга хоҳлаган нарсани жойлаштириш мумкин. Телевидениени санъатдан жудо қилиб, бизнесга тиккан кунларидаёқ унинг “зомбиқути”лигини тўғри тахмин қилишган эди.

Сериаллар ортида нима бор?
Узун қиш кунларида “Ҳовли” сериалининг рекламасини зўр бериб айлантиришаётган экан. Қизиқарлидек кўринди ва томоша қила бошладим. Сериалнинг аччиқ ичакдек чўзилган қисмларидан англаш мумкинки, аёл ўзини ҳимоя қилиши учун эрини ўлдиришгача ҳам бориши мумкин. Уни нима кутиб турибди: жазо дейсизми? Йўқ, истаганча “ўртоқ-ўртоқ” ўйнаш мумкин бўлган, ресторандагидек овқатлантирадиган, камига телефон текин маскан. Айтиш мумкин бўлса, бу жойнинг номи қамоқхона. Шу руҳ сингдирилган сериални кўрган келинчак эри билан бўлган тортишувни ана шу тарзда якунламайди, деб ким кафолат беради? Айни сериал эфирга узатилган паллалардаги қотиллик билан боғлиқ хабарларнинг сарлавҳасига эътибор қилинг-а: 
“Самарқандда аёл ўз қизини зўрлаб келган эрини ўлдирди”, 
“Ёш келинчак ўйнаши билан эрини ўлдирди”, 
“Фарғонада 60 ёшли аёл эрини ўлдирди”,
“Бир ойлик янги келин эрини ўлдирди”.
Жамоатчилик бу масалада ўз фикрини билдира олди, хайриятки, навбатдаги маънавий хуружга кеч бўлса-да, барҳам берилди. Аммо, афсуски, бу фикрий ғариблашувнинг охиргиси эмас, навбатдагиси экан. Ҳозир телевидение сандиғи ўзгаларнинг маҳсулоти (ўз юртида бир дона ҳам томошабин тўплолмаган, қўпол қилиб айтганда, ўзга чайнаган-у аммо ютмаган луқмалар) билан лиқ тўла. Европага пуллай деса, у ерда сериалларни намойиш этиш учун лицензия олиш керак. Ўзбекистонда эса “ёғлиққина” аудитория турибди. Сериални ким молиялаштиради: матони аяй-аяй бир парча латта-путтани кийим деб тақдим қилгувчи ­ательелар, сунъий гўзал актрисаларнинг “гўзаллик саноати ихтирочилари” бўлган клиникалар. Қарабсизки, бу сериални кўрган ўзбеклар ўша машҳу-у-ур гўзалларники янглиғ лаб, қош-у қовоқ излаб, пулни қўлтиқлаб Туркия қайдасан, деб йўлга чиқишади. Йўл пулига қийналдингизми? Клиниканинг ўзи юртимизга келади ва пулингизни шилиб кетади.

Ошхонами, Кулгухона?
Муаллифлик кўрсатувларининг аҳволи ҳам ҳаминқадар. “ZO‘R TV”нинг бошловчилари адабий тил меъёрлари, кези келганда, оддий ахлоқ қоидаларига умуман риоя этишмайди. Улар Тошкент шевасини адабий тил даражасига олиб чиқиб қўйишмоқда. Бундай кўрсатувларни икки хил тоифага ажратиш мумкин: ошхона ва комедия. Худдики миллатнинг овқат ейиш ва кулишдан бошқа иши қолмагандек. 
“Хонтахта”, “Божалар community”, “Скетч шоу”, “Бумеранг”, “Хафа бўлиш йўқ”… Номи турлича-ю, аммо маза-­матрасизликда бир-биридан ўтгувчи кўрсатувлар. “Хонтахта»да ҳам, “Божалар community”да ҳам “Залдагилар қалле? Зерикмиёпсилами?” деган қичқириқ билан Жаҳонгир Позилжонов чиқиб келади.
Битта бошловчининг тайёрланмасдан чиқиб, залдаги уч-тўртта томошабин билан мулоқот қилиши, уларни зериктирмаслик учун ўзини ҳар кўйга солиши, такрорий мавзулар, — такрорий декорация бу кўрсатув дегани эмас. Масъулиятни бўйинга олиб, қўлга мардларча микрофон олдингизми, халққа нимадир беринг.
Тўргоҳи йўқнинг пойгоҳда ҳам ўрни бўлмас…

Бугун “ZO‘R TV”да эълон қилинаётган латифаларнинг аксарияти инсон шаънини камситувчи, ҳамиятга тегувчи. Ишонмасангиз, “Скетч шоу” ёхуд «Бумеранг»ни кўринг-а. Тилимизни тушунгувчи бирор хорижлик бу мутойибаларни тинг­ласа борми, ўзбекнинг ҳамма эркаги алкаш, ҳамма аёли зинокор, деган хаёлга боради. Чунки “Аёл жазмани билан…” мазмунидаги саҳналар тўлиғича кўрсатувларга кўчиб бўлди. “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувининг бир галги сонидан лавҳа: ой куни яқин аёл турмуш ўртоғи билан дўкон айланиб юрибди, шу пайт аёлни дард тутиб қолди. Уларнинг қаршисида хушрўйгина жувон тойиб кетди ва оёғи лат еди. Эркак ҳомиладор хотинини ташлаб, йиқилиб тушган аёлнинг ёнига ошиқди. Яширин камера бу ҳолатда атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатини тасвирламоқда. Бу кўринишдан, очиғи, жуда аччиғим келди. Биз қандай аҳволга солиндикки, парда ортидаги, миллатнинг ҳаёси, ўзлиги, номуси билан боғлиқ саҳналарни ҳам оний кулгилар учун қурбон қилмоқдамиз? Оналик улуғ рутба, икки дунё орасида туриб, жонни гаровга келтиришдек илоҳий ҳолатни кулги воситаси қилиш учун одам қанчалар тубан бўлиши керак? Биз этагини кўтаргани учун ҳақ олган Монро авлоди эмасмиз-ку! 
Ёхуд кулгубоз Толиб Ҳожиевнинг узоқ машмашаларга сабаб бўлган “Хонтахта” (99-сони)даги чиқишини эсланг. Бу шармандагарчиликка Azon.uz сайтида муносабат билдирилган, ­­” Azon.uz таҳририятидан “ZO‘R TV” телеканалига раддия» номли мақола чоп этилган эди. Унда телеканалда эфирга узатилган “Хонтахта” кўрсатувида мусулмонлар амал қилиб келаётган никоҳ аҳкомларининг устидан калака қилиниши на қонун, на инсоф, на мантиқ ва на соғлом ақлга сиғадиган бир ҳодисалиги айтилиб, мутасадди ташкилотлардан ушбу ишга ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган эди. Дин ишлари бўйича қўмита ҳам ушбу кўрсатув юзасидан Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга хат йўллаган. Унда диний қадриятлар, расм-русумлар ва ибодатларни аския объектига айлантириш, ҳар қандай эзгу мақсадда бўлмасин, оқлаб бўлмайдиган хатти-ҳаракат ҳисобланиши, никоҳ, маҳр ва талоқ мавзулари устидан аския қилиш оғир гуноҳ бўлиш билан бир қаторда, эътиқодий манбаларда шариат ҳукмлари устидан кулувчилар диндан чиқиши хавфидан огоҳлантирган.
Azon.uz ахборот-таҳлилий портали таҳририяти эса актёр Толиб Ҳожиев томонидан “Виртуал никоҳ” мавзусида айтилган аскияни Ислом ва мусулмонлар номига ҳақорат деб билиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан кўрсатув меҳмони, кўрсатув ташкилотчилари ҳамда уни эфирга узатишга ижозат берган бадиий кенгашнинг хатти-ҳаракатларига Ўзбекис­тон қонунчилиги асосида ҳуқуқий баҳо берилишини сўраган эди.
Натижа нима бўлди? Бу ҳақда жамоатчиликка ҳеч нарса маълум эмас. Кўрсатув ижодкорлари ўзларининг камера қаршисидаги майнабозчиликларини бемалол давом эттирмоқдалар. Ёхуд аёллар аудиториясига мўлжалланган “Дугоналар шоу”ни даставвал жуда яхши қадамлар билан бошлашди. Эндиликда қизлар ҳам кулгу саноати формасига ўтишяпти. Учрашувга чиққан йигитга қази едириш ҳақидаги нимкосаларнинг айнан аёллар тарафидан айтилаётганлигини нормал ҳолат деб баҳолаб бўладими? Айни кўрсатувнинг 23 апрель сонида ҳаммадан яширинча “Ҳовли” сериалини кўраётган икки дугона, боласини боғчага олиш учун келган аёлнинг ўтлоқ устида шаталоқ отиши ва унга “Нима қивоссан?” дея танбеҳ бераётган эри, йигитлар ҳақида гаплашаётган икки қизга учинчи ўртоғининг илмий саволлари… Буларда на мантиқ, на кулги учун асос бор.

Халқда “Тўргоҳи йўқнинг пойгоҳда ҳам ўрни бўлмас” деган мақол бор. Бу муқаддас тушунчаларга ювуқсиз қўлини узатган киши пойгакка ҳам муносиб кўрилмайди, деганидир. Мавзу тополмай, халқ муқаддас, деб билган тушунчаларни чайнаш инсонийлик сифатига мувофиқ эмас. Бу хатони ёпиш ўрнига ТВ орқали намойиш этиш эса улкан қабиҳликнинг ўзгинасидир! “Хонтахта”да исломий аҳкомларнинг аския қилиниши, “Бумеранг”да Алишер Навоийни эрмаклаб чиқишаётгани, бунга рухсат берганларнинг билимсизлиги, тубанлашувида эмас, “Халқ нима қилсак ҳам бизни кўраверади” деган фахрланиш туйғусини инъом этган ўзимизда айб… Бироқ уларга шу туйғуни бериш учун биздаги маънавий бўшлиқни ким тайёрлади? ТВни қурол қилганлар эмасми? Уларнинг ортида қандай қудратли кучлар турибдики, тегишли мутасаддилар мум тишлаб, кўз юмишга мажбур бўлишмоқда?
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодировнинг маълум қилишича, телеканалларда мониторинг гуруҳи, яъни бадиий кенгаш фаолияти йўлга қўйилган. Кўрсатувлар эфирга узатилишидан аввал, бадиий кенгаш томонидан маъқулланиши лозим.
Аниқлаштирамиз: бадиий кенгаш нима учун тузилади? Албаттаки, эфирга узатилаётган ижод маҳсулларининг сифатини, маънавий юкини, бадиий савиясини назорат қилиш учун. Шунинг учун ҳам кенгашлар таркибига ақли, маънавий диди, келажакка қараши оддий халқдан бир қарич баландроқ одамлар киритиладики, бугунги одим ботқоққа олиб борадими ёхуд нажот кўпригига, улар ҳал қилишади. Бу фикрга асослансак, бизда ёки бадиий кенгашлар ишламаяпти, ёки уларга халқ маънавиятининг сариқ чақалик қиймати йўқ, ёки уларнинг кар ва кўр бўлишини қандайдир мавҳум сабаблар тақозо этмоқда.

Мулоҳазаларимизни ўқий туриб, журналистнинг “ZO‘R TV”да қасди борми?» деган гумонга борманг. Ҳаёт қонуни шундай: юкнинг оғири араванинг қийшайган тарафида бўлади. Қолаверса, мен имкониятлари юқори бу каналнинг чин маънода номига муносиб бўлишини истайман. Чунки улар миллатнинг муқаддас тушунчаларига дахл қилаётган паллада майнабозчиликни томоша қилаётганлар орасида менинг, сизнинг, ҳаттоки, ўзларининг ҳам фарзандлари турибди. 
Азиз ҳамкасблар! Балки уларга саёз маҳсулотларингизни кўрсатмассиз, аммо унутмангки, болаларингиз атрофида сиз онгини заҳарлаган дўстлари бор. Улар тенгдошларига ўзларида борини улашишади. Ҳамма муқаддас нарсаларни хор қилиш мумкин, деган тушунча бирор ўн йилларда ўзингизга бумерангдек қайтиб келмайди, деган кафолат йўқ. Унда фарзанд учун ота-онанинг қадри бўлмайди, ­оиланинг муқаддаслигини камида сериалдаги турк қизи ё йигитидек тушуна бошлашади… Шундай қабиҳона келажакка тайёрмисиз?
Мен тайёр эмасман, мен миллат сифатида, ўзбек сифатида ўзимнинг соф тийнатимни сақлаб қолишни истайман. Пультнинг қизил тугмасини босиш ягона ечим бўлиб қолмасин. Миллатдошим, Сиз ҳам шундай фикрдасиз, деб умид қиламан!

Дилдора РАҲМОНОВА,
Манба: "Ishonch" газетаси


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

411

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг