Тутанхамон мақбараси яқинидан яширин хоналар белгилари аниқланди

Олам

image

Тутанхамон мақбараси яқинида ўтказилган геофизик тадқиқотлар ер остида номаълум хоналар бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Бу ҳақда жорий йилнинг 17 сентябрь куни Amarna Royal Tombs Project сериясида эълон қилинган янги ҳисоботда маълум қилинди

Қайд этилишича, Айн-Шамс университети археологи Мамдуҳ ал-Дамати бошчилигидаги гуруҳ Подшоҳлар водийсидаги KV62 – Тутанхамон мақбарасини ўрганган. Ҳисоботда 2023–2024 йилларда ўтказилган дала тадқиқотлари ҳамда аввалги изланишлар натижалари қайта кўриб чиқилган.

Тадқиқотлар георадар ва микрогравиметрия усуллари ёрдамида амалга оширилган. Микрогравиметрия – ер остидаги жинслар зичлигидаги жуда кичик ўзгаришларни аниқлаш орқали яширин бўшлиқларни излаш имконини беради.

Олимлар олинган сигналларнинг бир қисмини кўмилган йўлак ва эҳтимолий хоналар мавжудлигининг белгилари сифатида талқин қилган. Шу билан бирга, дафн камераси деворларининг бевосита ортида, тахминан икки метргача бўлган ҳудудда георадар аниқ бўшлиқларни кўрсатмаган.

Тадқиқотда таклиф қилинган ҳажмий схема аниқланган хоналар харитаси эмас, балки турли даражадаги ишончга эга модель ҳисобланади. Унда 2 та хона мавжудлиги ҳақидаги тахмин нисбатан ишончли деб баҳоланган. Бошқа эҳтимолий хоналар ва уларни боғловчи йўлаклар ҳақидаги хулосалар эса камроқ ишончли экани қайд этилган.

Билдирилишича, мазкур тадқиқот 2015 йилда мисршунос Николас Ривз илгари сурган гипотезани ҳам қайта кун тартибига олиб чиқди. Унинг фикрича, Тутанхамон учун кичик мақбара каттароқ шоҳона дафн мажмуасининг ташқи қисмида жойлашган бўлиши мумкин. Ривз бу мақбара дастлаб Нефертитига тегишли бўлган бўлиши эҳтимолини билдирган.

Бироқ аввалги геофизик тадқиқотлар турлича натижаларни берган. Янги натижалар ҳам ушбу гипотезани ҳозирча тўлиқ тасдиқламайди.

“Nature” нашри сўровига жавоб берган мустақил мутахассислар тадқиқот натижаларини қизиқарли деб баҳолаган, аммо якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини билдирган.

Тадқиқотчилар эҳтимолий бўшлиқларни кичик бурғулаш ишлари ва камера ёрдамида текширишни таклиф қилмоқда. Бунинг учун Миср ҳукуматининг рухсати талаб этилади.

Ҳатто ер остидаги бўшлиқлар тасдиқланган тақдирда ҳам, бу ерда ким дафн этилганини аниқлаш учун қўшимча далиллар керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миср пойтахти Қоҳира яқинида “Буюк Миср музейи” номли дунёдаги энг катта археологик музей очилгани ҳақида хабар берилган эди.  h


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар