Тўрт вилоятда чиқиндини олиб кетиш нархи ошади
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
11756Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари белгиланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, халқ депутатлари Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари кенгашларининг навбатдаги сессияларида вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинган.
Ягона тўлов тарифларини кўриб чиқишда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ишчи орган этиб белгиланган.
Ишчи орган томонидан ўтказилган таҳлилларига кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омилларнинг нархи ошган. Бироқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаганлиги натижасида санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
Шунга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдори белгиланган, жумладан:
- Тошкент вилоятининг жами 22 та шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4400 сўм ва юридик шахслар учун эса 61 000 (68 320 ҚҚС билан) сўм тўлов миқдори;
- Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 90 000 сўм (ҚҚС билан) вилоятнинг бошқа туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4129 сўм ва юридик шахслар учун 59 693 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори;
- Фарғона вилояти шаҳарларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм вилоят туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм тўлов миқдори;
- Андижон вилоятининг жами 16 та шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 3500 сўм ва юридик шахслар учун эса 47 500 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори этиб белгиланиши маъқулланган.