Туркий кенгаш саммити якунланди: Мирзиёев Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорларига чиқишга хайрихоҳ

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 31 март куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган норасмий саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислик қилган тадбирда Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши, Туркий кенгашнинг Фахрий раиси Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Aлиев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Туркий кенгаш бош котиби Бағдод Амреев қатнашди.

Қайд этилишича, тадбирда ташкилот доирасида иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Учрашувда барча туркий халқларнинг маънавий юксалишига катта ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий меросига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат раҳбари диний-ахлоқий қарашлари билан минтақада улкан эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга Соҳибқирон Амир Темур ихлос қўйгани ҳамда унинг хотирасига атаб Туркистон шаҳрида муҳташам мақбара бунёд этганини қайд этган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мустаҳкам тарихий ришталар, муштарак тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида шаклланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.

Давлат раҳбари коронавирус пандемия таъсирида давом этаётган глобал инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш йўлида кенгашнинг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган. Шунингдек, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тез фурсатда тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқроқ фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратган.

Туркий тилли мамлакатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифалардан бири эканлиги, Туркий кенгаш доирасида Инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш ва ишга тушириш бўйича амалий ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкиланган.

Ўзбекистон Президенти минтақанинг улкан стратегик аҳамиятга эга транспорт ва транзит салоҳиятидан янада унумли фойдаланишга, Осиёдаги глобал бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё ҳудудида транспорт йўлакларини, шунингдек, Озарбайжон ва Туркия орқали Европа бозорларига элтувчи йўналишларни ривожлантириш, логистика инфратузилмасини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирган. 

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашга аъзо мамлакатлардаги муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш, шу мақсадда Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирган.

Буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий дунё маънавий-марифий ҳаётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Шавкат Мирзиёев фан, таълим, адабиёт, санъат, ижтимоий соҳалардаги ютуқлар ҳамда туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилишни таклиф этган.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари саммит иштирокчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган.

Олий даражадаги учрашув якунида Туркистон декларацияси қабул қилиниб, унда норасмий саммитда эришилган асосий келишувлар акс этган.

Туркий кенгашнинг саккизинчи саммитини 2021 йилнинг кузида Туркия Республикасида ўтказиш режалаштирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг