Туркияда номаълум шахс мухолифат етакчисига мушт туширди (видео)

Олам

image

Истанбулда номаълум шахс Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) раиси Ўзғур Ўзел Отатурк маданият марказидаги хотира тадбиридан чиқиб кетаётганда унинг юзига мушт туширди. Бу ҳақда “Haberturk” хабар берди.

Воқеа Ўзғур Ўзел қўриқчилар ва партия аъзолари билан бирга маросимни тарк этаётган пайтда содир бўлган. Номаълум шахс оломон орасидан унинг олдига югуриб келиб, унинг юзига кафти билан қаттиқ зарба берган, бироқ сиёсатчи жиддий жароҳат олмаган. Ҳужум қилган шахс 66 ёшли Селчук Тенгиўғли исмли эркак бўлиб, илгари уч марта судланган. У ҳақдаги бошқа маълумотлар тергов манфаати учун ошкор қилинмаган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеадан сўнг Ўзелга қўнғироқ қилиб, ҳужумни қоралаб, барча тафсилотларни аниқлашга ваъда берган. Мамлакат Бош прокуратураси жиноий иш қўзғатган. Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳам ҳужумни кескин қоралади ва ушбу шахс қўлга олинганини тасдиқлади.

Жорий йилнинг апрель ойида суд Туркия мухолифати етакчиси Ўзғур Ўзелни Истанбулдаги тадбирда Президент Тойиб Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун 75 минг лира (тахминан 2 минг доллар) тўлашга мажбурлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат бўйлаб сафар қилаётганда номаълум эркак унга тарсаки туширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзғур Ўзел Жумҳурият Халқ партияси Селчук Тенгиўғли мухолифат етакчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг