Кутилаётган сенсациялар оқшоми ёҳуд “ерлик”лар “ўзга сайёралик”ка қарши ўйнайди
Спорт
−
30 Апрель 2019
6130Бу оқшом УЕФА Чемпионлар лигаси ярим финал баҳсининг илк ўйини “Тоттенҳем” ва “АЯКС” ўртасида бўлиб ўтади. 1 май оқшомида эса “Ливерпуль” “Камп Ноу”да меҳмонда ўйнайди.
“Тики-така”дан устун Тоттенҳэм
“Шпор”ларнинг янги майдонида ўтадиган баҳс тенгсиз кураш ва кутилмаган воқеаларга бой бўлиши мухлислар томонидан кўп бор таъкидланяпти. Бунда асос бордек. “АЯКС”ни ўз майдонида қабул қиладиган Почеттино шогирдларининг маҳоратига “Шаҳарликлар” билан бўлган ўйинларда гувоҳ бўлдик. Ўз майдонида минимал ҳисобда ғалаба қозона олган “Тоттенҳем” “Этиҳад стадиум”да ҳам энг ёрқин ўйинини кўрсата олди. Кейннинг йўқлигини билдирмаган Сон Хин Миннинг дубли ва Фернандо Льорентенинг голи “Манчестер Сити” футболчиларига даҳшатли кечани “туҳфа” этди. Гвардиола эса бошини чангаллаганча бу мавсум ҳам мусобақани кубоксиз тарк этишга мажбур бўлди.
“Гранд”ларни янчиб ташлаган “АЯКС”
Бу жамоани фаворит деб билмаганлар турнирни телевизиор қаршисида ўтирибгина томоша қилишлари мумкин холос. 1/8 финалнинг илк ўйинида ўз уйида “Реал Мадрид”га 1-2 ҳисобида ютқазгач, барча “Қаймоқранглилар”нинг кейинги босқичга чиқишига юз фоиз ишонишганди. Аммо, “Сантяго Бернабеу”га ташриф буюрган “учар голландлар” бекорга келмаганини барчага исботлаб қўйди. 3 мавсумдан буён Европада тенгсиз бўлиб келаётган Мадрид жамоаси ўз уйидаги ўйинда “АЯКС”га шармандаларча мағлуб бўлди.
Чорак финал ўйинлари ҳам “АЯКС” учун омадли келди. Клуб “Амстердам Арена”да Италиянинг шонли тарихга эга клуби – “Ювентус” билан 1:1 ҳисобида ишончли дурангга эришди. “Юве”нинг мухлислари эса “Атлетико” билан бўлган “камбек” ҳақида ўйлай бошлашди. Чемпион бўлишга интилиш йўлида Роналдони ўз сафига қўшиб олган туринликлар ҳали олдида нималар кутаётганини билмас эди. “Учар голландлар” Туриндаги ўйинда ҳам “Ювентус”га ҳар бир чизиқда қандай ўйнаш кераклиги ҳақида мастер-класс ўтаб берди. Дунёда энг кучли дея эътироф этиладиган “Юве”нинг марказий ярим ҳимоясини “АЯКС”чилар ҳар тарафга сочиб ташлашди.
Ҳужумкор, тартибли ва чиройли ўйин кўрсатадиган икки жамоа “Тоттенҳем” ва “АЯКС” мухлислари учун бу оқшом футболдан лаззат олишига имкон яратиб бера олишига ишонамиз.
“Титанлар жанги” ёҳуд финалдан олдинги финал
Эртага, 1 май оқшомида Эрнесто Вальверде шогирдлари “Камп Ноу”да “Ливерпуль” билан ўйнайди. Биламиз, “Барселона” жамоаси ҳар қандай турнирда иштирок этмасин доим фаворит саналиб келинган. Аммо ярим финал баҳсларида иштирок этувчи бу жамоаларнинг кучлари тенг эканлиги мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда. Испанияда муддатидан аввал чемпионлик титулини қўлга киритган каталонияликларнинг бор эътибори ушбу ўйинларга қаратилган.
Месси, Суарес каби суперюлдузлардан таркиб топган клуб 3 мавсумдан буён мусобақа финалига чиқа олмаяпти. 2015-2016 йилги мавсумда “Атлетико”, 2016-2017 йилги турнирда “Ювентус” ва ўтган мавсумда “Рома” тўсиғидан ўтолмаган каталонияликлар бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўришаётгани аниқ. Ушбу мавсум Испанияда фантастик ўйин кўрсатаётган Месси, УЕФА Чемпионлар лигасида ҳам тўпурар бўлиб турибди. У рақиблар дарвозасини 10 маротаба ишғол қилганини ҳисобга олсак, Алиссон Бекерга бу оқшом осон бўлмаслиги аниқ.
“Ливерпуль” – мўъжизаларни яхши кўрадиган Юрген Клопп жамоаси “Камп Ноу”да ҳам ўз сўзини айта олишга қодир. Салоҳ, Мане ва Фирмино учлиги ҳозирда жаҳонда тенгсиз бўлиб турибди. Англия чемпионатида “Йилнинг энг яхши ўйинчиси” бўлишга улгурган Виржил Ван Дейкнинг ҳимоядаги фантастик ўйини, ярим ҳимоя ва қанотдаги футболчиларнинг ўта ишончли ўйнаши “Барса”чиларга бош оғриғи бўлиши табиий. “Манчестер Сити”нинг Англияда пешқадамлигини ҳисобга олсак, Клопп шогирдлари жавоб ўйини олдидан керакли натижа учун ўйнайди. 2017-2018 йилги мавсум финалидаги аламли алмаштириш эса Салоҳнинг ёдидан чиқиб улгурмаган. Клопп грандларга қарши қандай ўйин кўрсатишни билади. Унинг ўртамиёна “Боруссия Дортмунд” билан “Бавария” ўзининг энг кучли мавсумларини ўтказаётган даврда Германия чемпионлигини қўлга киритганлиги эса унинг қандай ишларга қодирлигидан дарак.
Айтиш мумкинки ҳар икки жамоа таркиби юқори прессинг орқали тўпга эгалик қилиш, аниқ паслар ва тактик ҳужумларда барқарор ўйин кўрсатиш учун салоҳиятга эга. Ҳозирча Мессини тўхтатишни унча-мунча ҳимоячилар эплай олишмаяпти. “Ливерпуль” эса тезкор ҳужум ва қанотдан бўладиган босимларда “Барса” футболчиларига босим ўтказишга, голга интилишади.
Телеграмдаги каналимизда “УЕФА Чемпионлар лигаси финалига қайси жамоалар чиқади?” деган сўровнома ўтказган эдик. Футбол мухлислари кутганимиздек “Барселона”га (351 та) кўпроқ овоз беришган, “Ливерпуль” (327 та) эса кейинги ўринда, “АЯКС” (125) кутилмаганда “Тоттенҳем”дан (74 та) кўпроқ овоз тўплаган.
Ҳар бир клубнинг мухлислари ўз жамоасини финалда кўришни хоҳлайди. Аммо Европа футболида ҳамма нарса юз бериши мумкин. Муҳими ушбу ўйинлар футбол ишқибозларига юқори ҳароратли кайфиятни бахш эта олади.
Акбар Жиянов, журналист
LiveБарчаси