Туркия Швеция ва Финляндиянинг йўлини очиш учун ёзма кафолат талаб қилди
Олам
−
24 Май 2022
4636Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли, расмий Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига розилик билдириши учун ушбу мамлакатлардан “террорчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш” бўйича ёзма кафолат олиш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар берди.
Туркия, шунингдек, Финляндия ва Швециядан мудофаа саноати маҳсулотларини етказиб бериш бўйича санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ушбу масалаларни муҳокама қилиш учун давлатлар билан музокаралар ўтказишни таклиф қилган.
“Швеция ва Финляндия террорчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак, биз улардан аниқ қадамлар бўйича ёзма келишувга эришмоқчимиз. Швеция ва Финляндия бизга делегациялар жўнатмоқчи бўлди ва Президентимиз бу таклифни қабул қилиб, бизнинг устуворлигимиз дипломатия эканлигини айтди”, дейди Мевлуд Чавушўғли Фаластинга ташрифи чоғида.
Шу билан бирга, Чавушўғли НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Туркия, Швеция ва Финляндия вакиллари билан музокаралар ўтказишни таклиф қилганини қўшиб ўтган. Лекин, бундай учрашув қачон ва қаерда бўлиши мумкинлигини очиқламаган.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси