Туркия фуқароси Ўзбекистонда 1,5 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент вилоятида яшаб келаётган 57 яшар Туркия фуқаросининг фирибгарлик фаолиятига нуқта қўйди. У маълум вақт давомида Туркияда бўлиш тартибини бузганлиги боис депорт қилинган фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг мазкур давлатга киришлари учун қўйилган тақиқларни бекор қилдириб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан пул маблағларини ўзлаштириб келган. 

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент вилоятида вақтинча истиқомат қилувчи Туркия Республикаси фуқароси, 1965 йилда туғилган Ю.Х. қўлга олинган. 

У Сирдарё вилоятида яшовчи, 1963 йилда туғилган У.Г.га нисбатан Туркия давлатига кириши учун 5 йил муддатга қўйилган тақиқни бекор қилдириб бериш эвазига 2020 йилнинг декабрь ойида 1500 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1000 АҚШ доллари олган.

Шунингдек, 2021 йилнинг февраль ойида Фарғона вилоятида яшовчи, 1969 йилдан туғилган А.Р. билан учрашиб, у ва турмуш ўртоғининг Туркия давлатига киришларига қўйилган 5 йиллик тақиқни 45 кун ичида бекор қилдириб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 2500 АҚШ доллари олган. 

2021 йилнинг март ойида эса Фарғона вилоятида яшовчи, 1981 йилда туғилган А.З.нинг ҳам шундай муаммосини 1500 АҚШ доллари эвазига ҳал қилиб беришини айтиб, олдиндан 1300 АҚШ доллари олган. Аммо, ваъдасини бажармай, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. 

2021 йилнинг ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Ю.Х. Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан айбдор, деб топилиб, жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги боис, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. 

Аммо, суд томонидан берилган муддат мобайнида Ю.Х. жаримани тўлашдан бўйин товлаганлиги учун унга нисбатан қўлланилган жазо жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман судининг 2022 йилнинг апрель ойидаги ажрими билан 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига алмаштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг