Тунда кўриш имконини берувчи линзалар ихтиро қилинди
Технология
−
24 Май 3224 1 дақиқа
Хитойлик олимлар одамга ҳеч қандай қўшимча ускуналарсиз зулматда кўриш имконини берувчи инновацион контакт линзаларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Мазкур линзалар таркибида жойлаштирилган махсус нанозаррачалар инфрақизил нурланишни ютиб, уни кўринадиган ёруғликка айлантиради. Улар юпқа полимер қаватга ўрнатилган бўлиб, фойдаланувчига инфрақизил нурланишни чиқараётган ёки акс эттираётган объектларни ҳатто тўлиқ қоронғиликда ҳам кўриш имконини беради.
Тажрибалар давомида бундай линзаларни таққан кўнгиллилар инфрақизил диапазондаги милтилловчи сигналларни ажрата олган, мураккаб нақшларни кўрган ва ёмон ёритилган шароитда бемалол йўл топган. Қолаверса, инфрақизил нурланиш ёпиқ қовоқлар орқали ҳам ўтиши кузатилган. Бу эса синов иштирокчиларига кўзларини юмган ҳолда ҳам сигнални қабул қилиш имконини берган.
Ҳозирча бу линзалар фақат сунъий инфрақизил манбалар билан ишлай олади. Шунга қарамай, тадқиқотчилар уларнинг сезгирлигини ошириб, тирик мавжудотлар ва буюмларнинг табиий иссиқлик нурланишини ҳам қабул қила оладиган даражага етказиш устида иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Корея илғор технологиялар институти (KAIST) олимлари кўз тўр пардасидаги нерв ҳужайраларининг тикланишига тўсқинлик қилувчи оқсилни аниқлаб, унинг фаолиятини блоклай оладиган дори воситасини ишлаб чиққанди.
Live
Барчаси