Тўққиз минг нафар аёл нотурар жойда яшайди – Президент

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш масаласи бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Йиғилишда Ўзбекистонда 9 минг нафар аёл нотурар жойда истиқомат қилиши таъкидланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мурожаатномада аёллар билан ишлашда бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳақида айтилган эди. Шу мақсадда Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Йиғилишда мазкур жамоатчилик кенгаши “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириши ҳамда масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориши зарурлиги таъкидланган.

Селекторда хотин-қизлар муаммоларини тезкор ҳал қилиш, уларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш бўйича вазифалар белгиланган.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Деҳқонобод тумани ҳокимлари ўз ҳудудида ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали ҳудудидаги “Аёллар дафтари”га кирган ишсиз аёлларни банд қилиш режаларини тушунтирган.

Хабарга кўра, Жиззах вилояти Бахмал туманида 55 гектар майдонда ташқи бозорда харидоргир заъфарон ўсимлиги етиштириш йўлга қўйилган. Ушбу ўсимликни экиш ва ҳосилни йиғишга 10 минг нафар хотин-қиз мавсумий ишга жалб қилинган. Заъфаронни саралашга яна минг нафар аёл жалб қилиниб, ўртача 3 миллион сўмдан ойлик берилган.

Қайд этилишича, жорий йилда Бахмал туманида ушбу ноёб ўсимликни етиштириш 200 гектарда ташкил этилиши режалаштирилган. Бу яна қўшимча 30 мингта мавсумий иш ўрни, дегани. Бу ўсимликни Зомин, Бўстонлиқ, Ургут, Китоб, Шаҳрисабз, Чортоқ туманларида етиштириш имкони мавжуд.

Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу туманларнинг захирадаги ерларини таҳлил қилиб, 50 гектардан майдонда ушбу ўсимликни экиш бўйича топшириқ берган. Бу орқали йил якунига қадар 50 минг нафар аёлларни мавсумий иш билан таъминлаш мумкин.

Йиғилишда Прзидент 9 минг аёл нотурар жойда яшашини, ҳокимлар бир ой муддатда, аввало, уларни яшаш жойи билан таъминлаши кераклигини таъкидлаган.

“Аёллар дафтари”га кирган ва тадбиркор бўлиш истагини билдирган ҳозиргача аниқланган 70 мингга яқин хотин-қизни бизнесга оид кўникмаларини шакллантириш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича топшириқ берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг