Тўқаев янги вазирлик тузди
Олам
−
18 Сентябрь 13816 2 дақиқа
Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига айлантирилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Давлат раҳбари тегишли қарорни бугун имзолади.
“Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигини Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилиб, инновациялар билан боғлиқ функция ва ваколатлар Фан ва олий таълим вазирлигига ўтказилсин”, дейилади ҳужжатда.
Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Фан ва олий таълим вазирлиги Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигига берилган функция ва ваколатларга мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий ворислари этиб белгиланди.
Ҳукуматга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органлари ва уларга бўйсунувчи ташкилотларнинг штатларини (Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда) қайта тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, фармон ижросини таъминлаш бўйича бошқа чора-тадбирларни кўриш топширилди.
Ҳужжат имзоланган кундан бошлаб, яъни 2025 йил 18 сентябрдан кучга кирди. Фармон ижросини назорат қилиш Президент Администрациясига юкланган.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатномасида “Рақамли код тўғрисида”ги қонунни кечиктирмасдан қабул қилиш зарурлигини таъкидлаб, амалдаги тегишли вазирлик негизида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш зарурлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов жорий йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида Транспорт ва алоқа агентлигини тугатиб, учта янги вазирлик ташкил этиш ҳақида фармон чиқарганди.
Live
Барчаси