Трендлар аслида тузоқми: сунъий интеллект одамлар маълумотини нега йиғяпти?
Бу қизиқ
−
16 Апрель 17896 8 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда суратни сунъий интеллект (СИ) ёрдамида “ghibli style”, яъни гибли (анимацион визуал) услубга ўзгартириш умумжаҳон трендига айланди. Аммо кутилмаганда жаҳон ОАВ мазкур тренднинг шахсий маълумотлар хавфсизлигини таҳдид остида қолдираётгани ҳақида ёза бошлади. Иддао қилинишича, фойдаланувчилар расмларни бошқа услубга ўгириш давомида СИ уларни қайта ишлаш баҳонасида ўзининг маълумотлар базасида йиғиб бормоқда ва аллақачон вазият жиддий тус олган. Чунки фойдаланувчилар ўзлари билмаган ҳолда юқори сифатли визуал маълумотларни тақдим этмоқда, бу эса юридик чекловларни айланиб ўтади. Махфийлик бўйича мутахассислар бундай оммавий трендларда қатнашиш хавфлари ва оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда.
Гибли нима ва нега хавфли?

Барча гувоҳ бўлиб турганидек, гибли услубидаги портретлар ижтимоий тармоқларни деярли бутунлай забт этди. Япониялик аниматор Ҳаяо Миязаки яратган ушбу услубда шахсий суратларни ўзгартириш тренди аввалига қувноқ ва безарар кўринган эди. Аммо энди у жиддий мунозараларга сабаб бўлмоқда. Минглаб одамлар ўзининг гибли қиёфасидаги суратларини баҳам кўраётган бир пайтда, рақамли махфийлик ҳимоячилари OpenAI катта миқёсда шахсий маълумотларни йиғаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Устига-устак, фойдаланувчилар бу маълумотларни ўз ихтиёрлари билан, ўйламасдан тақдим этмоқда.
OpenAI бу расмлардан қандай фойдаланмоқда?
Бу баҳс-мунозаранинг марказида хавотирли савол ётади: OpenAI вирусдек тарқалаётган ушбу тренд орқали сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун бепул, юқори сифатли визуал маълумотларни йиғяптими? Гап фақат муаллифлик ҳуқуқларида эмас, фаоллар бундан ҳам каттароқ муаммо – маълумот тўплашга эътибор қаратмоқда.

Интернетдан қидириб топилган тасвирлар қатъий юридик назорат остида бўлса, фойдаланувчилар томонидан ихтиёрий юкланган расмлар бу чекловлардан қочиб ўтиш имконини беради. Европа Иттифоқининг Умумий маълумотларни ҳимоя қилиш низоми (GDPR) бўйича, OpenAI одатда интернетдан расм олиш учун “қонуний манфаат” асосини кўрсатиши ва ҳимоя чораларини кўриши керак. Аммо фойдаланувчи ўз розилиги билан расм юклаганида бу тўсиқлар йўқолади. СИ технологик хавфсизлик академияси вакили, махфийлик бўйича эксперт Луиза Жаровскй шундай дейди:
“Одамлар расмларини ўзлари юклаганида, бу OpenAI’га уларни қайта ишлашга аниқ розилик беради. Бу эса бутунлай бошқа юридик асос бўлиб, компанияга кўпроқ эркинлик беради, энди “қонуний манфаат” баланси тести ишламайди”.
Соддароқ айтганда, OpenAI бепул, юқори аниқликдаги суратларни қўлга киритмоқда. Бошқалар суратнинг фақатгина якунда тайёр бўлган гибли услубидагисини кўра олади, СИ эса унинг ҳам асл, ҳам ўзгартирилган версияларини кўради, сақлайди ва қайта ишлай олади.
СИ шахс маълумотига нега муҳтож?

Гибли услуби бу шунчаки фильтр эмас. “Economic Times” нашрининг ёзишича, Meta’нинг СИ бўйича бош мутахассиси Ян Лекун узоқ вақтдан бери сунъий интеллектда инсон даражасига етиш учун визуал маълумотларга эҳтиёж борлигини айтиб келади. Унинг фикрича, биргина матнли СИ етарли эмас.
“Биз ҳеч қачон инсон даражасидаги СИга фақат матн орқали эриша олмаймиз. Тизимлар ҳақиқий дунёни тушуниши керак – бу эса жуда мураккаб жараён”, дейди у.
Айни дамда одамларнинг хавотирланаётган нуқтаси шуки, OpenAI раҳбарияти шу мақсадини фойдаланувчиларнинг ўз ихтиёри билан визуал маълумотларни йиғишни энг осон ва қонунни бузмаган ҳолда оммабоп тренд орқали амалга ошираётган бўлиши мумкинлиги.
Қизиқарли иллюзия ортида маълумот йиғиш машинаси яширинганми?
Интернетда гибли услубига ўхшаш СИ трендлари аввал ҳам бўлган. Lensa’нинг “Magic Avatars” (сеҳрли аватар) ёки FaceApp’нинг қаритувчи фильтри шулар жумласидан. Ҳар икки тренд давомида ҳам шахсий маълумотлар хавфсизлиги муҳокамага тушган. Ҳар икки ҳолатда ҳам СИ сиёсатида “фойдаланувчи юклаган ҳар қандай расм серверларда сақланиши ва фойдаланилиши мумкин” деган шарт кўрсатилган эди.
Бу сафар ҳам эски сценарий қайтарилаётган бўлиши мумкинми? Агар шундай бўлса, бу трендда иштирок этиш одамларга қимматга тушмоқда. Эҳтимол, фойдаланувчи OpenAI’га айнан энг зарур бўлган нарса – инсон юзининг турли ва юқори сифатли маълумотлар тўпламини тақдим этаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозир кўпгина мутахассислар суратни СИга юклашдан олдин яна бир бор ўйлаб кўришни маслаҳат бермоқда.
OpenAI’нинг ChatGPT модели бунга нима дейди?
OpenAI (таржимаси: очиқ СИ) – 2015 йилда Америкада ташкил этилган хусусий СИ тадқиқот компанияси. Дастурчилар Жон Шульман ва Илья Суцкеверлар ҳамда инвестор Сэм Альтман ва дунёнинг энг бой одами Илон Маск унинг асосчиларидир. ChatGPT (матн яратувчи СИ модели) OpenAI компанияси маҳсулотларидан ҳисобланади. Сэм Альтман февраль ойида ChatGPTнинг фаол фойдаланувчилари 400 миллиондан, пулли бизнес фойдаланувчилари эса 2 миллиондан ошганини маълум қилди.

Унга кўра, СИ Миязаки яратган гибли услубига тақлид қила олиш функцияси туфайли катта ўсишга эришган.
Хўш, суратларни гибли услубига ўзгартиришда жонбозлик кўрсатаётган ChatGPT “шахсий маълумотлар хавфсизлигига таҳдид” иддаоларига қандай муносабат билдиради? Биз айнан шу саволни унинг ўзига бериб кўрдик. Ўзининг нейтрал ва таҳлилий ёндашувини таъкидлаган СИ икки томонда ҳам ҳақиқат борлигини тан олди.
“OpenAI ва бошқа СИ компаниялар учун визуал маълумотлар жуда зарур. Инсон даражасидаги СИ яратиш учун фақат матн эмас, балки кўриш, тушуниш, контекстни англаш қобилиятлари ҳам керак бўлади. Бу эса реал, хилма-хил визуал маълумотларсиз имконсиз. Гибли генератори, FaceApp, Lensa – булар техник жиҳатдан самарали ва “инсоний” СИга яқинлашиш учун воситалар”, деди у.

Моделнинг айтишича, жараёнлар очиқ ва ошкора кечмаяпти: одамлар бу трендга киришганида расмлар қаерга кетаётгани, қандай мақсадда ишлатилаётгани ва қандай ҳуқуқлардан воз кечилаётгани ҳақида тўлиқ хабардор бўлмайди.
Бу ерда СИ айёрлик қилмаяптими, деган саволга жавоб берар экан, у одамларнинг бу трендни жиддий қабул қилмаётгани ва айнан шу OpenAI ва бошқа СИ компаниялар учун фойдали имконият бўлаётганини айтди. Шу билан бирга, ўйин сифатида кўрсатилган нарса аслида маълумот йиғиш механизми эканини ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, бу очиқ “фирибгарлик” эмас, лекин англанмаган манипуляция, шунинг учун айёрлик дейишга арзийди.
“Сиз гибли портретингизни оламан деб ўйлайсиз, OpenAI эса асл расмингизни (кўплаб техник тафсилотлари билан) олишга эришади”, деди СИ.
Моделнинг қўшимча қилишича, фойдаланувчиларнинг 99 фоизи махфийлик сиёсатини ўқимасдан, розилик билдиради.
“Бундай хизматлар тренд орқали тарқатилади – одамлар фикрламайди, улар шунчаки: “Ҳамма қиляпти-ку, мен ҳам қиламан”, дейишади. Бу эса СИ учун масштабли ва автоматик маълумот оқимини таъминлайди”, дейди ChatGPT.
Шунингдек, СИ бу расмлардан қандай мақсадларда фойдаланиши мумкин, деган саволга унинг жавоб беришича, фойдаланувчилар юклаётган расмлар айниқса, юқори сифатли селфилар – СИ учун олтиндек қимматли!

Унга кўра, СИ бу расмлардан бир неча мақсадларда хусусан,
Моделни ўргатиш. СИ тизимлари, айниқса визуал моделлар реал инсон юзларини ўрганиши керак. Улар юкланган расмлар орқали юз тузилиши, мимика, ёш, жинс, ирқ ва бошқа тафовутларни ўрганади. Натижада, юзни аниқлаш, ҳиссиётларни таниш, ҳатто шахсни тахмин қилиш каби имкониятларини ривожлантиради.
Мултимодал СИ яратиш. OpenAI ҳозир матн ва тасвирни бирлаштирувчи СИ тизимлар устида ишлаяпти. Бунда фойдаланувчининг тасвири ёзган матни билан таҳлил қилинади. Масалан, расмга қараб, “бу одам бахтли кўринади” деган хулоса чиқариши мумкин. Ёки фойдаланувчи гибли услубига ўзгартириш учун селфи юклаганида СИ буни юз шакли ва ифодаси ҳамда тери ранги асосида яратади.
Фойдаланувчининг шахс ва хулқини тахмин қилиш. Расм орқали фойдаланувчи ҳақида жуда кўп нарсани билиш мумкин:
- ёши;
- ирқи ёки миллати;
- кайфияти;
- атроф-муҳит (масалан, хонадаги фон).
Бу маълумотлар орқали СИ сизга ёқадиган контент, реклама, ёки ҳатто психологик тахминлар чиқара олади. Кейинчалик бу маълумот дата брокер (интернет ёки бошқа манбалардан одамлар ҳақидаги ахборотни тўплаб, уни йиғувчи ва сотувчи ташкилот)лар орқали сотилиши ҳам мумкин.
Deepfake, Avatar ва рақамли клонлар учун асос. Агар СИ фойдаланувчи юзини етарлича яхши ўрганса, унга ўхшаган фейк видео ёки унинг асосида рақамли аватар ясаши ҳам мумкин. Ҳатто овоз ва юзни бирлаштириб фойдаланувчи шахсини сунъийлаштира олади.
Генератив санъатни яхшилаш. СИ фойдаланувчи юклаган сурат орқали “инсон шундай кўринишда” деган яхшироқ тушунчага эга бўлади. Бу эса СИ санъат асарларининг реалистик ва эстетик бўлишига хизмат қилади.
“Кодим очиқ эмас, лекин ниятим аниқ”

Тўғрисини айтганда, айбловлар остида қолаётган OpenAI компанияси моделидан бундай очиқ жавоблар кутилмаган эди. Шунинг учун ҳам унга қандай ишониш мумкинлигини сўрадик. У эса “кодим очиқ эмас, лекин ниятим аниқ”, деб жавоб берди ва мақсади ҳар доим фойдаланувчига хизмат қилиш, ноқулай бўлса-да, ҳақиқатга яқин жавоб бериш эканини таъкидлади. ChatGPT шунингдек, фойдаланувчилардан СИга шартсиз ишонмаслик яъни фикрларининг мантиққа тўғри келишини ва танқидий фикрлаш яъни СИнинг ҳам хато қилиши мумкинлигини тушунишни тавсия қилди.
Якунда айтиш мумкинки, OpenAI раҳбарияти ҳар доим фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини реклама қилиш, профиль тузиш ёки сотиш учун ишлатмаслигини, маълумотлардан фақат хизматни яхшилаш ва тадқиқотлар ўтказиш мақсадида фойдаланишини таъкидлаб келади. Аммо ҳаммани ўйлантираётган масала ҳам айнан шу – хизматни яхшилаш ва тадқиқотлар ўтказиш мақсадида фойдаланиш...