Трампнинг одами Помпео Украинага боряпти
Олам
−
29 Март 2023
5402АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпео 3 апрель куни Украинага ташриф буюради. Бу ҳақда “Politico” газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бу ташриф 2024 йилги президентлик сайловларида эҳтимолий номзод бўлиши мумкин бўлган Помпео учун АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп ва Флорида губернатори Рон ДеСантис фикридан фарқли равишда Украинани қўллаб-қувватлаш ва ўз позициясини кўрсатиш имкониятидир. Газетанинг қайд этишича, собиқ давлат котибининг Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиши ҳозирча маълум эмас.
Аввалроқ ДеСантис “АҚШ кўплаб ҳаётий миллий манфаатларга эга”, бироқ “Украина ва Россия ўртасидаги ҳудудий низога кейинги аралашиш улардан бири эмаслигини” айтган эди. Трамп, шунингдек, Украинани янада қўллаб-қувватлашга ва можаронинг тезроқ тугатилишига қарши чиқди.
Трамп ўтган йилнинг 15 ноябрида 2024 йилги президентлик сайловларида яна иштирок этишини эълон қилган эди. ДеСантис ҳали президентлик амбицияларини эълон қилмаган, бироқ Трамп аслида у билан давлат раҳбари лавозимига номзодлик учун курашиш имкониятини тан олган. Эҳтимолий кампания ҳақида гапирган бошқа республикачилар орасида АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейли, АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс ва Помпео ҳам бор.
LiveБарчаси