Трампга яқин, Мессига хайрихоҳ Жанни Инфантинонинг империяси қулаяптими?

Review

image

FIFA президенти Жанни Инфантино ҳақиқатдан ҳам футболда холис раҳбарми? Ёки у сўнгги йилларда ўзи истаган футбол тарихи ёзилишига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказаётган шахсга айланиб қолдими? Унинг Лионель Месси ҳақидаги кўплаб илиқ баёнотлари, Аргентина миллий терма жамоасига нисбатан очиқ хайрихоҳлиги ҳақидаги баҳслар ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Фоларин Балогун билан боғлиқ баҳсли қарор бу саволларни янада кучайтирди. Айрим мухлислар ва таҳлилчилар ҳатто Мисрга қарши баҳсли учрашувда амалдаги чемпион Аргентинанинг ғалабасига FIFA раҳбариятининг таъсири бўлганми, деган саволни ҳам ўртага ташламоқда. Бундай қарашларни тасдиқлайдиган очиқ далиллар мавжуд эмас. Бироқ FIFA’нинг ўзи ҳам бугун ишонч инқирозига дуч келгани, қабул қилинаётган айрим қарорлар эса ташкилотнинг сиёсий бетарафлиги ва мустақиллиги ҳақидаги баҳсларни яна авж олдиргани инкор этиб бўлмайди. Фоларин Балогун иши эса айнан шу баҳсларнинг энг ёрқин намунасига айланди. 

Балогун иши

Жорий йилнинг 2 июль куни АҚШ ҳамда Босния ва Герцеговинага учрашувида мезбонлар ҳужумчиси Балогун рақиб ҳимоячиси Тарик Муҳаремовичга нисбатан қўпол ҳаракат қилгани учун қизил карточка олган эди. Кейинчалик FIFA Интизом қўмитаси АҚШ миллий терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогунга нисбатан қўлланилган дисквалификацияни шартли жазога алмаштирди ва унга Бельгияга қарши Жаҳон чемпионати 1/8 финал учрашувида майдонга тушишга рухсат берди. ОАВ хабарига кўра, қарор FIFA президенти Жанни Инфантино Оқ уйдан қўнғироқ олганидан сўнг қабул қилинган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, FIFA таркибига ҳуқуқшунос мутахассислар, амалий юристлар ва футбол федерациялари раҳбарлари киради. Қўмитага адвокат Ал Камали раислик қилади. Унинг ўринбосари Хорхе Паласио эса колумбиялик собиқ судья ҳисобланади. Аъзолар орасида Тонга футбол ассоциацияси раҳбари Лорд Ве’еҳала ҳамда аввал Миллий жандармерияда полковник бўлиб хизмат қилган Того футбол ассоциацияси президенти Косси Гай Акпови ҳам бор.

Қўмита аъзолари минтақавий футбол конфедерациялари томонидан номзод сифатида кўрсатилади ва FIFA’нинг 211 аъзодан иборат Конгресси томонидан сайланади. Раис йилига 160 минг доллар маош олади. Қолган аъзоларнинг йиллик ҳақи 7 500 долларни ташкил этади ва улар FIFA’да бошқа лавозимни эгаллаши мумкин эмас. Қўмитанинг ўтган йилги умумий харажатлари, жумладан, хизмат сафарлари ва кунлик тўловлар билан бирга, 1,2 миллион доллардан бироз ошган.

Қўмита расман 18 нафар аъзодан иборат бўлса-да, интизомий ишлар билан таниш манбаларга кўра, йирик турнирлар давомида қарорларни кичикроқ гуруҳ қабул қилади. Улар одатда очиқ эшитувлар ўтказмайди. Ишлар FIFA’нинг онлайн ҳуқуқий порталига юкланган ҳужжатлар орқали кўриб чиқилади.

Ҳуқуқшунослар таъкидлашича, қўмита автоматик дисквалификацияларни бекор қилиш ваколатига эга эмас. Унинг вазифаси фақат мазкур ҳолат қўшимча интизомий жазо талаб қиладими-йўқми, шуни аниқлашдан иборат.

Ўтган йил охирида ҳам қўмита Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду билан боғлиқ ҳолатга аралашган эди. У Жаҳон чемпионати саралаш ўйинида қизил карточка олгач, автоматик тарзда уч ўйинга дисквалификация қилинган.

Бироқ қўмита жазони қайта кўриб чиқиб, Роналду фақат битта учрашувни ўтказиб юбориши билан чекланди ва унга Жаҳон чемпионатида иштирок этишга рухсат берди. Бу қарор Роналду Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги делегация таркибида Оқ уйга ташриф буюрганидан бир ҳафта ўтиб қабул қилинган.

FIFA маълумотларига кўра, апелляциялар жуда кам учрайди. Қўмита 2024-2025 йилги мавсумда қабул қилган қарийб 3 500 та қарордан (уларнинг 300 тадан камроғи ўйинлардаги интизомий ҳолатларга оид) атиги 31 таси юзасидан шикоят берилган. Кейинчалик уларнинг айримлари қайтариб олинган. Жами 19 та иш FIFA Апелляция қўмитасигача етиб борган. Уларнинг 13 таси рад этилган, тўрттаси қабул қилиб бўлмайдиган деб топилган, битта қарор қисман, яна биттаси эса тўлиқ ўз кучида қолдирилган.
FIFA қўмита фаолияти ёки Фоларин Балогун иши бўйича қарор қандай ва нима асосида қабул қилинганига изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга жавоб бермаган.

Танқидларга жавобан қўмита раиси номидан баёнот тарқатилиб, Балогун икки қоидабузарликда айбдор деб топилгани маълум қилинди: қизил карточка олгани ва майдондан четлатилганидан кейин ўйин тугагач майдонга қайтиб, ғалабани нишонлагани. Унга бир ўйинлик дисквалификация ва 40 минг доллар жарима белгиланган, бироқ дисквалификация бир йиллик синов муддати билан тўхтатиб турилган.

Баёнотда нега айнан шундай қарор қабул қилинганига аниқ изоҳ берилмаган. Фақатгина “ҳодиса билан боғлиқ барча ҳолатлар ва мавжуд далиллар ҳисобга олинди”, дейилган. Қўмита қизил карточканинг ўзи бекор қилинмаганини таъкидлаб, “қизил карточканинг ҳуқуқий оқибатларини қайта кўриб чиқиш футбол амалиёти учун янгилик эмас”, дея қўшимча қилган.

Баёнотда, шунингдек, “масалан, UEFA’га аъзо кўплаб миллий ассоциацияларнинг юқори дивизионларида қизил карточка бўйича интизомий қарорларни қайта кўриб чиқиш кенг қўлланилади”, дейилган.

Бироқ миллий ассоциацияларда бундай қарорлар ҳуқуқшунослар қўмитаси томонидан эмас, балки махсус интизомий ёки ҳакамлар органлари томонидан қабул қилинади. FIFA интизом кодексида эса, шахсни нотўғри аниқлаш ҳолатларидан ташқари, қизил карточкани бекор қилишга рухсат берувчи норма мавжуд эмас.

FIFA интизом бўлими собиқ раҳбари Паоло Ломбардининг таъкидлашича, агар FIFA автоматик жазоларни ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлишни истаса, аввал ўз интизом кодексига тегишли ўзгартишлар киритиши лозим. Бу эса кенг муҳокама ва расмий тартиб-таомилларни талаб қилади.

“Агар бу фақат бир марта қўлланган истисноий қарор бўлса, FIFA келажакда жиддий обрў муаммосига дуч келиши мумкин”, деди Ломбарди.

UEFA эса мазкур қарорни “тушунарсиз ва асоссиз” деб баҳолади. Бельгия ўша баҳсда АҚШни 4:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, мамлакат футбол федерацияси FIFA интизом қоидаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини қўллаб-қувватлашини билдирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Жанни Инфантинога қўнғироқ қилиб, қарорни “қайта кўриб чиқишни” сўраганини тасдиқлади.

Шундан сўнг Инфантино FIFA суд органлари “мустақил” эканини ва “ҳар бир ишни амалдаги қоидалар ҳамда тақдим этилган далиллар асосида кўриб чиқишини” маълум қилди.
“Уларнинг мустақиллиги футболнинг ишончлилиги ва яхлитлиги учун жуда муҳим. Бу тамойилга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак”, деди у.

FIFA Балогун иши бўйича қарор матнини оммага эълон қилмаган ва уни АҚШ футбол федерациясидан бошқа ҳеч кимга тақдим этишга мажбур эмаслигини билдирган. Ушбу қарордан кейин Англия ва Франция футбол федерациялари ҳам ўз футболчиларига кўрсатилган карточкалар юзасидан эътироз билдирган, аммо уларнинг мурожаатлари қаноатлантирилмаган.

Инфантино ва Месси воқеалиги

Шунингдек, жорий Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал учрашувидан сўнг Миср терма жасоаси бош мураббийи раҳбарини очиқдан очиқ Аргентина терма жамоасини қўллаб-қувватлаётгани айтиб ўтди.

“Биз амалдаги жаҳон чемпионларидан ҳар томонлама устун ўйнадик. Бироқ натижага нафақат майдондаги, балки ундан ташқаридаги омиллар ҳам таъсир қилди. Балки улар жаҳон чемпионини мусобақада сақлаб қолишни хоҳлагандир, балки Лионель Мессининг турнирда иштирокини давом эттиришни истагандир. Футболда баъзан техник жиҳатлардан ташқари омиллар ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Жаҳон чемпионлари барча даражада қўллаб-қувватланди”, дейди Ҳасан.

Унинг таъкидлашича, учрашув натижасига ишониш қийин.

“Мен бу натижага ҳам, ўйиннинг қандай кечганига ҳам ишонмайман. “Омадсизлик” деб аташни истардим, аммо бизга нисбатан адолатсиз муносабат бўлди. Бу ноқонуний эди. Мен ҳакамга ҳам Аргентинанинг ғалабага муносиб эмаслигини айтдим. Мамлакатимга қайтганимдан кейин бошқа ҳеч қачон Жаҳон чемпионатини томоша қилмайман, чунки бу мусобақада адолат йўқ”, дейди мисрлик мутахассис.

Ҳуссам Ҳасан ўз фикридан қайтмаслигини ҳам қўшимча қилди.

“Оқибати қандай бўлишидан қатъи назар, ўйлаганимни айтаман. Бу ўйин аниқ сохталаштирилган эди ва бутун дунё буни кўрди. Агар улар Аргентинанинг ғалаба қозонишини шунчалик хоҳлаган бўлса, нега бошқа жамоаларни ҳам мусобақага чақиришади? Жаҳон чемпионати маркетинг индустриясига айланиб қолгани аниқ”, дея хулоса қилди Миср терма жамоаси устози.

Аргентинанинг Миср устидан 3:2 ҳисобидаги драматик ғалабасидан кейин баҳслар фақат VAR қарорлари билан чекланиб қолмади. Ижтимоий тармоқлар ва айрим хорижий нашрларда FIFA президенти Жанни Инфантинонинг Лионель Мессига нисбатан илиқ муносабати ҳам муҳокама марказига чиқди. Инфантино йиллар давомида Мессини футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири сифатида бир неча бор очиқчасига эътироф этган. Шунинг учун Миср билан баҳсли учрашувдан кейин айрим мухлислар ва шарҳловчилар “амалдаги чемпион Аргентинага нисбатан алоҳида муносабат бўлганми?” деган саволни ҳам ўртага ташлади.

Бундай қарашларнинг пайдо бўлишига учрашувдаги икки эпизод сабаб бўлди. Аввало, Мисрнинг ҳисобни ўзгартириши мумкин бўлган голи VAR орқали бекор қилинди. Орадан кўп ўтмай Аргентина ҳал қилувчи голни урди. Шунингдек, мисрликлар Муҳаммад Салоҳга нисбатан қоидабузарлик учун пенальти белгиланмаганини ҳам танқид қилди. Натижада Миср футбол ассоциацияси FIFA’га расмий шикоят йўллади, бош мураббий Ҳусам Ҳасан эса ҳакамликнинг холислиги ҳақида очиқ савол қўйди.

Бироқ нуфузли халқаро нашрлар ушбу баҳсларни ёритар экан, муҳим бир нуқтани алоҳида таъкидлади: ҳозирча Инфантино ёки FIFA раҳбариятининг учрашув натижасига аралашганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил тақдим этилмаган. “Reuters” FIFA ҳакамлар қўмитаси раҳбари Пьерлуижи Коллинанинг сўзларини келтириб, барча қарорлар мустақил ҳакамлар томонидан қабул қилинганини ва Инфантинонинг учрашув жараёнига таъсир кўрсатгани ҳақидаги иддаолар асоссиз эканини ёзди.

Шу билан бирга, бу баҳсларнинг ўзи FIFA учун жиддий имиж муаммосига айланди. Масала фақат битта ўйинда эмас эди. Агар футбол жамоатчилиги FIFA президенти муайян жамоа ёки футболчига нисбатан очиқ хайрихоҳлик билдиради, деб ўйлай бошласа, ҳатто қоидаларга мувофиқ қабул қилинган қарорлар ҳам шубҳа остида қолади. Бугунги кунда Инфантино олдидаги энг катта вазифа айнан шу – FIFA қарорлари нафақат адолатли бўлиши, балки бутун дунёга адолатли кўриниши ҳам керак. 

Босим қаердан келмоқда? 

Инфантинога нисбатан танқидлар фақат футбол жамоатчилиги билан чекланиб қолмаяпти. Инсон ҳуқуқлари бўйича “FairSquare” ташкилоти унинг Дональд Трамп билан муносабатлари ҳамда FIFA Тинчлик мукофотини АҚШ Президентига топшириш қарорини мисол қилиб, FIFA Ахлоқ кодексининг сиёсий бетарафликка оид талаблари бузилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Ташкилот аввал FIFA Ахлоқ қўмитасига мурожаат қилди, кейин эса ушбу масала бўйича Халқаро Олимпия Қўмитасига ҳам шикоят қилишини маълум қилди. Бу оддий танқид эмас. Чунки Инфантино 2020 йилдан буён ХОҚ аъзоси ҳам ҳисобланади.
Шу билан бирга, Европа парламентининг бир гуруҳ депутатлари, Норвегия футбол федерацияси ҳамда бир қатор жамоат ташкилотлари мазкур мурожаатни қўллаб-қувватлаётганини маълум қилди.
Фоларин Балогун билан боғлиқ баҳс Жанни Инфантинога нисбатан пайдо бўлган ягона эътироз эмас. Аксинча, бу сўнгги йилларда йиғилиб келаётган танқидларнинг навбатдаги кўриниши бўлди.
 
“FairSquare” баёнотига кўра, Инфантино 2020 йилдан буён ХОҚ аъзоси ҳисобланади ва унинг ҳаракатлари ХОҚ ҳамда FIFA’нинг сиёсий бетарафлик тамойилларига зид бўлиши мумкин.
 
Ташкилот 2025 йил декабрь ойидаёқ FIFA Ахлоқ қўмитасига шикоят киритган. Унда Инфантино бир неча бор Дональд Трампнинг ҳаракатлари ва сиёсатини омма олдида қўллаб-қувватлагани қайд этилган.
 
Шунингдек, “FairSquare” FIFA Ахлоқ қўмитасидан FIFA Тинчлик мукофотини таъсис этиш жараёни, уни Дональд Трампга топшириш қарори ва мазкур қарорларнинг ташкилот ички қоидаларига қанчалик мувофиқ бўлганини ҳам текширишни сўраган.

Ташкилот фикрича, Инфантино FIFA Ахлоқ кодексининг сиёсий бетарафликка оид 15-моддасини бузган бўлиши мумкин. Мазкур моддага кўра, FIFA мансабдорлари расмий фаолияти давомида сиёсий жиҳатдан бетараф бўлиши шарт. Қоидабузарлик аниқланган тақдирда, камида 10 минг Швейцария франки миқдорида жарима ва икки йилгача футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатиш жазоси қўлланилиши мумкин.
 
ХОҚ президенти Кирсти Ковентри ҳозирча Ахлоқ комиссиясига расмий шикоят келиб тушмаганини, аммо бундай мурожаат келиб тушса, у белгиланган тартибда кўриб чиқилишини маълум қилди.
 
Шу билан бирга, FIFA Ахлоқ қўмитасининг Тергов палатаси котибияти FairSquare шикояти 2025 йил декабрь ойида қабул қилинганини тасдиқлаган. Бироқ ташкилот ҳозирча расмий тергов бошлангани ҳақида маълумот бермаган.

 Бу Инфантино учун ҳақиқий хавфми? 

FIFA президентини лавозимидан четлатиш ёки уни истеъфога чиқариш жуда мураккаб сиёсий жараён ҳисобланади. Инфантино ҳозир ҳам Африка футбол конфедерацияси (CAF), Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ва Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ)нинг кенг қўллаб-қувватловига эга.

Ушбу уч конфедерация FIFA’нинг 211 аъзосининг ярмидан кўпини ташкил этади. Бу эса ҳар қандай президентлик сайловида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Шу сабабли Европа давлатлари ёки айрим федерациялар томонидан билдирилаётган танқидлар ҳозирча Инфантинога жиддий сиёсий хавф туғдираётгани йўқ. Шунга қарамай, сўнгги воқеалар Инфантинога нисбатан ишончнинг маълум даражада пасайганини кўрсатмоқда. 

Инфантино истеъфога чиқиши мумкинми?

Шунча бўлиб ўтган ишлардан кейин ҳам Жанни Инфантино жаноблари 2027 йил 18 март куни Работ шаҳрида бўлиб ўтадиган FIFA президентлиги сайловида яна номзодини қўйишини яширмаяпти. Агар Африка, Осиё ва Жанубий Америка конфедерациялари қўллаб-қувватловини сақлаб қолса, унинг яна бир муддатга сайланиш имконияти юқори бўлиб қолаверади. Бироқ вазият мутлақо хавфсиз ҳам эмас.

Агар Европа мамлакатлари танқидига бошқа қитъалар ҳам қўшилса ёки FIFA Ахлоқ қўмитаси ва ХОҚ даражасида расмий текширувлар жиддий тус олса, бу Инфантинога нисбатан босимни сезиларли даражада ошириши мумкин.

Фоларин Балогун иши шунчаки бир футболчининг дисквалификацияси ҳақидаги баҳс эмас. Бу воқеа FIFA мустақиллиги, ташкилот раҳбарининг сиёсий бетарафлиги ва халқаро спорт бошқарувининг шаффофлиги ҳақидаги баҳсларни яна марказга олиб чиқди.
Ҳозирча Жанни Инфантинога қарши айтилган айбловлар унинг истеъфосига олиб келадиган даражага етгани йўқ. Бироқ сўнгги можаролар унинг обрўсига таъсир қилмоқда. 2027 йилги президентлик сайловигача бўлган давр эса ушбу босимлар қанчалик кучайиши ёки аксинча, сусайишини белгилаб беради.

Инфантино танқидлари нима учун кўпаймоқда?

Жанни Инфантино раҳбарлигидаги FIFA’нинг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун қабул қилган энг баҳсли янгиликларидан бири ҳар бир учрашувнинг ҳар икки бўлимида мажбурий уч дақиқалик “hydration break” жорий этилиши бўлди. Илгари бундай танаффуслар фақат ҳаво ҳарорати ва намлик белгиланган хавфли чегарадан ошганида қўлланиларди. 2026 йилги турнирда эса ўйин қаерда ўтаётгани, стадионнинг усти ёпиқ ёки очиқлиги ва об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар бир бўлимнинг тахминан 22-дақиқасида ўйин тўхтатилиши белгиланди. Хаттоки кучли ёмғир ва момақалдирок сабаб бир соатга кечиктирилган ўйинлар ҳам ушбу танаффуслардан четда қолмади.

FIFA бу қарорни футболчилар саломатлигини муҳофаза қилиш ва барча жамоалар учун тенг шароит яратиш зарурати билан изоҳлади. Бироқ баҳс фақат танаффуснинг тиббий самараси билан чекланмади. Қарор барча 104 та учрашувга, ҳатто ҳаво нисбатан салқин бўлган пайтларга ҳам татбиқ этилгани танқидларни кучайтирди. “Reuters” 10 июль ҳолатига кўра, турнирда ўтказилган 94 та учрашувнинг бирортасида ҳам FIFA белгилаган “экстремал иссиқлик” чегараси қайд этилмаганини ҳисоблаб чиқди. Бу маълумот мажбурий танаффусларнинг ҳар бир ўйинда қўлланилиши ҳақиқатан ҳам фақат тиббий заруратга асосланганми, деган саволни янада долзарблаштирди. Шу билан бирга, FIFPRO каби футболчилар манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилотлар FIFA’нинг расмий чегараси жуда юқори эканини ва хавфсизлик чоралари ундан олдинроқ бошланиши кераклигини таъкидламоқда.

Танаффуслар ўйиннинг табиий суръатига ҳам таъсир кўрсатди. Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса футболнинг икки бўлимдан иборат анъанавий тузилиши амалда тўрт қисмга бўлиб юборилаётганини айтди. Унинг фикрича, бундай танаффуслар ўйиннинг йиллар давомида шаклланган тактик ва маданий моҳиятини ўзгартиради. Англия бош мураббийи Томас Тухель ҳам танаффуслар ўйин суръати ва жамоаларнинг босимига дастлаб ўйлаганидан кўра кучлироқ таъсир кўрсатаётганини тан олди. Мураббийлар уч дақиқадан кичик тактик йиғилиш сифатида фойдаланиб, футболчиларга янги кўрсатмалар бериш, схемани ўзгартириш ва рақибнинг устунлигини тўхтатиш имконига эга бўлмоқда.

Мухлислар норозилиги ҳам очиқ намоён бўлди. Англия ва Хорватия ўртасидаги учрашувда ҳар икки жамоа мухлислари танаффус бошланганида ҳуштакбозлик қилиб, қарорга муносабат билдирди. Танқидчилар бу янгилик футболни Америка спортига хос тўрт қисмли томошага яқинлаштираётгани ва ўйинни телекомпаниялар учун қулайроқ маҳсулотга айлантираётганини айтмоқда.

Энг катта шубҳа танаффусларнинг тижорий қиймати билан боғлиқ. “Reuters”нинг медиа бозорига бағишланган таҳлилига кўра, ҳар бир учрашувдаги олти дақиқалик қўшимча тўхташ телекомпанияларга илгари мавжуд бўлмаган энг қиммат реклама вақтларини тақдим этди. S&P Global таҳлилчиси Майкл Жонсон айрим ҳал қилувчи ўйинларда танаффус вақтидаги реклама жойлари “Супербоул даражасидаги” қийматга эга бўлиши ва энг йирик пакетлар 7-9 миллион долларгача баҳоланиши мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, бу имконият трансляция ҳуқуқлари учун рақобатни кучайтириб, FIFA’нинг келгуси медиа даромадларини ҳам ошириши мумкин.

Амалда ҳам айрим телекомпаниялар танаффусларни тўлиқ экранли реклама блокларига айлантирди. АҚШдаги “Fox” телеканали илк ўйинлардан бошлаб ўйин тасвирини бутунлай узиб, реклама кўрсатгани учун кескин танқид қилинди. Мексика – Жанубий Африка учрашувида реклама белгиланган вақтдан ошиб кетиб, телеканал жонли эфирга ўйин қайта бошланганидан кейин қайтган. FIFA “Fox”нинг тушунтиришини қабул қилиб, унга нисбатан жазо чораси кўрмади. Бу ҳолат танаффуслар футболчилар саломатлигидан кўра реклама манфаатларига кўпроқ хизмат қилаётгани ҳақидаги қарашларни кучайтирди.

Инфантино танқидларга жавобан танаффуслар ортида ҳеч қандай тижорий мақсад йўқлигини ва қарор фақат спорт ҳамда футболчилар хавфсизлиги нуқтаи назаридан қабул қилинганини таъкидлади. FIFA расман реклама тушумларини мазкур қоида билан боғламади. Аммо футболчилар саломатлиги учун жорий этилган танаффуснинг телекомпанияларга юз миллионлаб долларлик янги реклама имкониятини тақдим этаётгани шубҳаларни бартараф этмади.

Шу маънода муаммо танаффуснинг ўзида эмас, балки FIFA’нинг қарорни қандай асослаётгани ва ундан кимлар молиявий манфаат кўраётганидадир. Футболчилар хавфсизлиги, албатта, музокара мавзуси бўлиши мумкин эмас. Бироқ агар салқин ҳавода, томи ёпиқ ва иқлим назорати мавжуд стадионда ҳам мажбурий танаффус сақланса, бу қарорнинг тиббий сабаблар билан бир қаторда тижорий манфаатларга ҳам хизмат қилаётгани ҳақидаги савол табиий равишда пайдо бўлади.

Инфантинонинг хатоси нима?

Инфантино даврида қабул қилинган энг ғайриоддий қарорлардан яна бири 2030 йилги Жаҳон чемпионатини олти давлат ва уч қитъада ўтказиш бўлди. Турнирнинг асосий қисми Испания, Португалия ва Марокашда ташкил этилади. Бироқ Жаҳон чемпионатининг 100 йиллигини нишонлаш мақсадида дастлабки учта учрашув Уругвай, Аргентина ва Парагвайда ўтказилади.
FIFA бу қарорни футбол тарихига ҳурмат сифатида тақдим этди. 1930 йилги илк Жаҳон чемпионати Уругвайда ўтказилгани сабабли, юз йиллик турнирни Жанубий Америка билан боғлаш рамзий аҳамиятга эга экани таъкидланди. FIFA’нинг билдиришича, мусобақанинг 97 фоизи Испания, Португалия ва Марокашда ўтказилади. Бу уч давлат географик жиҳатдан бир-бирига яқин бўлгани учун ташкилот экологик ва логистик таъсирни назорат қилиш мумкин деб ҳисобламоқда.

Аммо экологлар бу тушунтиришни етарли деб ҳисобламади. “Reuters” суҳбатлашган иқлим мутахассислари FIFA’нинг ўз экологик стратегияси билан амалдаги қарорлари ўртасида зиддият борлигини таъкидлаган. Жамоалар, расмий делегациялар, журналистлар ва минглаб мухлисларни Атлантика океанининг икки томони ўртасида ташиш қўшимча парвозлар, меҳмонхона инфратузилмаси ва транспорт юкламасини келтириб чиқаради. Бу эса FIFA’нинг 2030 йилгача углерод чиқиндиларини қисқартириш ва кейинчалик “ноль чиқинди” мақсадига эришиш ҳақидаги ваъдаларига мос келмаслиги айтилмоқда.

2030 йилги мезбонлик формати атрофидаги энг жиддий сиёсий савол эса 2034 йилги турнир билан боғлиқ. FIFA’нинг қитъалар ротацияси қоидасига мувофиқ, бир мундиалга мезбонлик қилган конфедерациялар кейинги танлов жараёнида иштирок эта олмайди. 2030 йилги мусобақага Европа, Африка ва Жанубий Америка расман жалб қилингач, 2034 йилги Жаҳон чемпионати учун амалда фақат Осиё ва Океания федерацияларига йўл очилди.

“The Guardian” бу жараённи “фитна назариясига эҳтиёж қолдирмайдиган, очиқ кўриниб турган режа” сифатида танқид қилди. Нашрнинг таҳлилига кўра, 2030 йилги мезбонликнинг уч қитъага тарқатилиши Саудия Арабистонига 2034 йил учун асосий ва кейинчалик ягона реал номзодга айланиш имконини берди. Осиё футбол конфедерацияси тезда Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлади, FIFA эса номзодлик ҳужжатларини тақдим этиш учун жуда қисқа муддат белгилади. Натижада Австралия режадан воз кечди ва Саудия Арабистони рақобатчисиз қолди.

Шу боис танқидчилар 2030 йилги “юбилей формати”ни алоҳида қарор эмас, балки 2034 йилги турнирни Саудия Арабистонига бериш жараёнининг бир қисми сифатида кўрмоқда. 2030 йил мезбонлари уч қитъани банд қилди, кейинги тендер Осиё ва Океания билан чекланди, ариза бериш учун қисқа вақт берилди ва жуда катта инфратузилма ҳамда молиявий имкониятларга эга Саудия Арабистони амалда рақобатсиз қолди.

Жанни Инфантино раҳбарлигида FIFA молиявий жиҳатдан тарихдаги энг катта даромадларни қўлга киритаётган ташкилотга айланди. Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони оширилди, мусобақалар кўпайди, телетрансляция ва тижорат шартномалари рекорд даражага етди. Бироқ бу муваффақиятлар билан бир қаторда ташкилот раҳбарининг обрўси ҳам тобора кўпроқ баҳслар марказида қолмоқда. 

Футбол тарихи кўплаб буюк президентларни эслайди. Аммо уларнинг аксарияти қўлга киритилган даромадлар ёки ўтказилган турнирлар сони билан эмас, балки футболнинг адолати ва ишончини қай даражада сақлаб қолгани билан баҳоланади. Жанни Инфантино ҳам келажакда айнан шу мезон асосида баҳоланади. Унинг номи FIFA’ни тарихдаги энг бой ташкилотга айлантирган раҳбар сифатида қоладими ёки футболнинг бетарафлиги ва ишончини баҳслар марказига олиб чиққан президент сифатидами – бу саволга жавобни эса энди унинг кейинги қарорлари беради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends