Трамп GM'ни қаттиқ танқид қилди
Олам
−
28 Март 2020
22267АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 27 март куни Американинг General Motors (GM) компаниясини қаттиқ танқид қилди. Президентнинг айтишича, компания коронавирус тарқалиш фонида жуда зарур бўлган кислород вентиляторларини ишлаб чиқаришда орқада қоляпти.
"Улар бизга жуда зарур бўлган 40 000 та кислород вентиляторни "жуда тез" тайёрлаб беришни маълум қилганди. Энди эса ушбу маҳсулотдан апрель ойи охиригача атиги 6000 та ишлаб чиқаришни айтишмоқда. Яна булар максимал даражада кўп пул олишни исташади", дейди Трамп "Twitter" саҳифасида.
Шунингдек, Президент компаниянинг бош директори Мери Баррaга ишлаб чиқаришни ўз қўлига олишни айтиб таҳдид қилди. Яъни, АҚШда ушбу имкониятни берадиган Мудофаа саноати тўғрисидаги қонун бўлиб, унга кўра, фавқулодда ҳолатларда Президентга компанияларнинг қандай маҳсулот ишлаб чиқаришни белгилаш ҳуқуқи берилади.
Мудофаа саноати тўғрисидаги қонун 1950 йилда қабул қилинган. Қонун, дастлаб, Корея уруши бошланган пайтда имзоланган. Трамп уни жорий йилнинг 25 март куни қайта фаоллаштирди.
Трампнинг таъкидлашича, GM дарҳол "аҳмоқона тарзда тўхтатиб қўйган" Огайо штатидаги Лордстаун заводини ёки бошқа заводни ишга тушириши керак ва ҳозироқ кислород вентиляторларини ишлаб чиқаришни бошлаши лозим.
Шунингдек, у "Ford" компаниясига ҳам ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни буюрди.
"FORD, ВEНТИЛЯТОРЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ БОШЛА, ТЕЗРОҚ!!!" деб ёзган Трамп.
Ҳозирда ушбу тиббий асбоб-ускуналар жуда муҳимдир. Чунки коронавирус одамнинг нафас олиш йўлларини яллиғлантириб, пневмония ҳосил қилади. Ушбу жараёнда одамнинг нафас олиши қийинлашади. Бу ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Кислород вентилятори эса ўпкага ҳавони механик равишда киритиб чиқаради.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан боғлиқ 104 837 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 1 711 нафари вафот этган, 894 нафари эса соғайиб кетган.