Трамп: 200 минг америкаликнинг COVID-19 дан ўлиши “яхши натижа”
Олам
−
30 Март 2020
18636АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши тегишли чораларни кўрмаганда икки миллиондан ортиқ америкалик вирусдан ҳалок бўларди. Шунинг учун, 100-200 кишининг вафот этиши бу яхши, дея фикр билдирди АҚШ Президенти Дональд Трамп.
“Агар биз қурбонлар сонини 100-200 минггача қисқартирсак, демак биз яхши ишлаган бўламиз”, дейди Трамп. Президент баъзи тахминларга кўра, коронавирусдан ўлганлар сони 2,2 млнгача етиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Оқ уй хўжайини АҚШда коронавирусдан ўлим икки ҳафта давомида энг фаол нуқтага чиқишини маълум қилиб, пандемиядан кейин мамлакатни тиклаш ишлари 1 июндан бошланишини айтиб ўтди.
Трамп, шунингдек, коронавируснинг тарқалишига қарши чораларни 30 апрелгача узайтиришга қарор қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус тарқалишини пандемия деб эълон қилди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 722 435 нафарга етди. Уларнинг 34 мингги вафот этган, 151 991 нафари касалликдан фориғ бўлган.
АҚШда 142 502 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 2506 нафари вафот этган, 4856 нафари даволанган. АҚШ COVID-19 тарқалиши бўйича дунёда етакчилик қиляпти.