18 йил мактабга пиёда бориб келган ўқитувчига машина берилди
Олам
−
14 Ноябрь 2025 17666 2 дақиқа
Кеча, 13 ноябрь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Юрий Гагарин номидаги ўрта мактабда Россия-Тожикистон таълим муассасаларига автомобил топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Тадбирда Россия Федерасия кенгаши спикери Валентина Матвиенко ва Мажлиси Миллий спикери, Душанбе ҳокими, Президент Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомали иштирок этди. Унда рус тили ўқитувчиси Ориф Партоев ҳам тақдирланди. У Темурмалик туманидаги 24-мактаб ўқитувчиси. 18 йил давомида у кунига тахминан 16 километр пиёда юрган: бир томонга 8 километр ва ортга қайтиш учун яна шунча масофа.
Айтилишича, у яшайдиган Ербулоқ қишлоғи туман марказидан 8 км узоқликда жойлашган бўлиб, у ердаги йўл юриш учун қийин ва нотекис. Шунга қарамай, ўқитувчи ҳеч қачон дарс қолдирмаган ва ўқитувчилар етишмайдиган мактабда ишлашда давом этган.
Партоев яна учта мактабдан ўтиб, айнан ёрдами керак бўлган мактабни танлаган. Нашрнинг ёзишича, ўқувчилар у меҳрибон ва ўз касбига фидойи эканини айтиб келади. У кўп йиллик меҳнати учун аввал Тожикистон Таълим ва фан вазирлигининг “Таълим ва фан аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Муаллим дастлаб мамлакатдаги блогерлардан бирининг у ҳақида тайёрлаган видеоси ортидан танилган. Айнан шу видеодан сўнг жамоатчилик ўқитувчини фаол қўллаб-қувватлай бошлаган: аввалроқ хайрия ташкилоти унга скутер сотиб олишга ёрдам берган ва бу унинг ишга боришини қисман осонлаштирган.
Маросимда унинг фидойилиги ва таълимга қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, унга автомобиль совға қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик профессионал боксчилар Муроджон Аҳмадалиев, Исроил Мадримов ва Баҳодир Жалолов устози – Тўлқин Қиличевга автомобиль совға қилганди.
Live
Барчаси