Тожик-қирғиз можаросидан сўнг, Қирғизистон Президенти илк бор Тожикистонга боради
Олам
−
24 Июнь 2021
4529Жорий йилнинг 28-29 июнь кунлари Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Тожикистонга боради. Бу Садир Жапаровнинг Қирғизистон Президенти сифатида Тожикистонга биринчи ташрифи бўлади, деб хабар бермоқда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Маълум қилинишича, давлатлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини, шу жумладан қирғиз-тожик давлат чегарасидаги масалаларни муҳокама қилади.
Давлат раҳбарлари ушбу учрашув ҳақида жорий йилнинг 30 апрель куни телефон орқали суҳбатда келишиб олганди. Ўшанда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Садир Жапаровни энг қулай вақтда мамлакатга расмий ташриф билан келишга таклиф қилганди, фақат ташрифнинг аниқ саналарини дипломатик каналлар орқали келишиш қолганди.
Ўша суҳбатда давлат раҳбарлари чегараолди ҳудудларидаги сўнгги можаро ҳақида сўз юритиб, тожик-қирғиз чегарасидаги мавжуд вазиятни муҳокама қилган.
Қирғизистон Президенти Матбуот хизматининг маълум қилишича, Садир Жапаров Тожикистонга сафар олдидан жорий йилнинг 27-28 июнь кунлари Туркманистонда бўлади.
Туркманистонда давлат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди.
1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.
LiveБарчаси