Тошкентга келган Биринчи хонимлар экофорумда қатнашди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
14392Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун келган давлат раҳбарларининг рафиқалари "Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форумида қатнашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Форумда Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Туркия Республикасининг Биринчи хоними Эмина Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президентининг рафиқаси Жамила Аламолхода, Қирғиз Республикасининг биринчи хоними Ойгул Жапарова, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, ёш экофаоллар иштирок этган.
Форум очилишида "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилган:
“Форумнинг бош иштирокчилари – сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади”, деган Зироат Мирзиёева.