Тошкентда янги автобуслар берилиши учун ҳайдовчилардан пул талаб қилиняптими?
Жамият
−
24 Апрель 2023
9421Ижтимоий тармоқларда Тошкентга келтирилган янги автобуслар берилиши учун ҳайдовчилардан 150-200 АҚШ доллари пул талаб қилинаётгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, Президентнинг "Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан харид қилинаётган янги Yutong ва King Long русумли йўловчи ташувчи автобусларни ҳайдовчиларга бириктириш бўйича махсус буйруқ қабул қилинган. Ушбу буйруққа асосан "Ҳайдовчиларни ишга қабул қилиш ҳамда уларни автобус ва электробусларга бириктириш бўйича низом" тасдиқланган.
Маълум қилинишича, юқоридаги низом асосида автобус саройи филиалларининг ҳар бирида ҳайдовчиларни янги автобус ва электробусларга бириктиришда очиқ суҳбат ўтказилиб, суҳбат жараёнлари онлайн видео тасвирга олиб борилмоқда.
Урғуланишича, бунда ҳайдовчининг сўнгги уч йил мобайнида содир этган қоидабузарликлари ва йўл-транспорт ҳодисалари, муқаддам бошқарган транспорт воситаларининг таъмирлаш ишларида фаоллиги ҳамда ҳайдовчи томонидан йўловчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган ёки йўқлиги инобатга олинган ҳолда ҳайдовчилар янги харид қилинаётган автобусларга бириктирилмоқда.
"Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан фактларга асосланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз", дейилади хабарда.
LiveБарчаси