Тошкентда хотинини 7 йилдан бери муттасил дўппослаб келаётган эркак қамоққа олинди
3-саҳифа
−
19 Октябрь 2022 16836 2 дақиқа
Тошкентда 7 йилдан буён турмуш ўртоғини муттасил равишда дўппослаб келаёттгани айтилган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
“1992 йилда туғилган Ширин Д. Яккасарой тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унинг турмуш ўртоғи 1976 йилда туғилган Дилмурод Д. унга тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, қонуний чора кўришни сўраган. Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Дилмурод Д. га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда”, дейилади пойтахт ИИББ хабарида.
Қайд этилишича, оиланинг вояга етмаган уч нафар фарзанди бўлиб, калтакланишлар болаларнинг кўз олдида юз берган. 2,5 ой ичида эркак хотинини тўрт марта калтаклаб, унинг қовурғаларини синдирган. Шунингдек, у охирги вақтларда калтаклашлардан ташқари камар билан бўғишни ҳам бошлаган. Бу ҳақда қизнинг онаси Facebook'да пост қолдирган.
Охирги вақтларда бурни синган, тишлари синган ва мия чайқалиши билан аёл тун бўйи ертўлада, ҳовуздаги кафеллар устида қолдирилган. Бундай калтаклардан сўнг, ошкораликдан қўрқиб, эркакнинг ўзи уни тиббий муассасаларга олиб борган ва ўзи йиқилганини ва шифохонага ётиши мумкин эмаслигини айтишга мажбур қилган.
Шунингдек, аёлнинг болалари кичик бўлгани ҳамда эри томонидан рухсат берилмагани учун у шифохонага ётмаган.
Онанинг сўзларига кўра, унинг қизи бир марта тиббий экспертизага боришга эришган, аммо қовурғалари ва тишларининг синиши ҳамда мия чайқалиши енгил тан жароҳати деб таснифланган. Қовурғалари сингани бўйича тегишли ҳужжатлар тақдим этилган бўлса ҳам, умуман қайд этилмаган.
Она постида қизи ва ўзида ҳимоя ордери борлигини айтиб ўтган. Шу билан бирга, у куёви унинг ҳуқуқларини бузаётгани ҳақида бир неча маротаба Яккасарой туман ИИБ Профилактика бўлимига мурожаат қилганини, шунга қарамай, ходимлар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаётганини билдирган.
Бундан ташқари, аёлнинг онаси қизининг калтакланган ҳолатидаги суратни ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Унинг айтишича, эксперт ушбу суратларга қараб жиддий жароҳат эмаслиги ҳақида хулоса берган.
Live
Барчаси