Тошкентда қарийб 2 тонна гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди (фото+видео)

Жамият

image

Бугун, 27 июнь куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистонга олиб кирилган ва Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган 2 тоннага яқин гиёҳвандлик моддалари йўқ қилинди. Наркотик моддаларни йўқ қилиш тадбирида QALAMPIR.UZ ходимлари ҳам иштирок этди. 

Айни вақтда “26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш” куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилмоқда.

Бугун 1 тонна 933 кг 695 гр гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан 133 кг 713,5 гр героин, 159 кг 478 гр опий, 1 тн дан ошиқ гашиш, 300 кг 786 гр марихуана, 79 кг 842,5 гр кўкнор, 247 кг 150,4 гр каннабис ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиб йўқ қилиш учун тайёрланган.

Гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш жараёнида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ҳам иштирок этмоқда. 

Маълумот учун, Ўзбекистон 1995 йилнинг февраль ойида БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш тўғрисидаги 1961, 1971 ва 1988 йиллардаги Конвенцияларига қўшилди. 1999 йил 19 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Республиканинг анъанавий тажрибасига мувофиқ, суд жараёнида ашёвий далиллар сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари, суд ҳукмлари қонуний кучга киргач, печларда ёқиб юборилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг