Тошкентда ИИО мансабдорига 50 минг доллар пора берилди (видео)
3-саҳифа
−
23 Октябрь 8606 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида ички ишлар ходимига пора берган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, интернетда олиб борилган мониторинг-кузатув тадбирларида республика, жумладан, Тошкент шаҳри ҳудудида ижтимоий тармоқларда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш, шунингдек, хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш амалиётини амалга ошириб келаётган бир нечта шахслардан иборат 4 кишилик жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Улар хорижий онлайн қимор компанияларига хизмат кўрсатиб, қимор ўйинлари орқали олинган маблағларни турли криптовалюта платформалари орқали ўтказган ва легаллаштирган. ИИББ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда 4 дона мобил телефон ва пул ювиш учун фойдаланилган 21 дона банк картаси, шунингдек 1 дона ноутбук ашёвий далил сифатида олинди. Ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тергов бўлимига топширилган.
Олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гумонланувчи шахс ўзи ва шерикларини жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига ИИББ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъул раҳбарларидан бирига 50 минг доллар пора таклиф қилган. Мансабдор эса порани рад этган. У ИИББ раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилган. Шундан сўнг ИИВ Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва прокуратура билан ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи ИИО мансабдорининг хизмат хонасига кириб, порани бераётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов жараёнлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида ички ишлар ходимига пора берган шахс қўлга олинганди.
Live
Барчаси