Тошкентда дарахт босиб қолган фуқаро вафот этди
3-саҳифа
−
25 Май 8850 1 дақиқа
Жорий йилнинг 23 май куни Тошкент шаҳрида содир бўлган кучли шамол оқибатида дарахт қулаб, фуқарони босиб қолди. Бу ҳақда “Миллар” хабар берди.
Қайд этилишича, шифохонага дарахт босиб қолган икки нафар бемор олиб борилган. Улардан бири оғир аҳволда бўлган ва шифохона қабулхонасида вафот этган. Шифокорнинг сўзларига кўра, иккинчи беморда бош-мия жароҳати мавжуд. Унда узоқ муддатли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Ҳозирда беморнинг аҳволи стабил-оғир, реанимация бўлимида кейинги даво муолажаларини олмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 17 май куни Тошкент шаҳрида кучли чанг бўрони кузатилди. Ўзгидромет берган ахборотга кўра, пойтахт ҳавосида PМ 2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 44,95 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу эса рухсат этилган меъёрдан 1,28 марта ошганини билдиради. Шунингдек, орадан салкам 1 ҳафта ўтгач, 23 май куни пойтахтда кучли чангли шамол кузатилди. Бунинг ортидан кўплаб машиналар, ҳатто жамоат транспортини дарахт босиб қолди.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кучли шамол бўлаётгани сабабли пойтахт аҳолисига огоҳлантириш билан чиқиб, автомобилларни дарахтлар ва енгил конструкцияли қурилмаларнинг остида қолдирмасликни тавсия этганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 29 апрель куни ҳам Тошкент шаҳрининг Миробод туманида кучли шамол оқибатида автомашина устига дарахт қулаб тушганди.