Тошкент ёшлари карвонбоши бўлиши керак – Президент
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
4748Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 ноябрь куни Тошкентнинг Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари муҳокамаси юзасидан маҳалла раислари, ёшлар, мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди.
“Бугун туманда “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, иқтисодиётни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб олишимиз керак”, дейди давлат раҳбари тадбир аввалида.
Чилонзорда 51 та маҳалла бор. Иқтисодий фаол аҳолининг 9 фоизи ишсиз. Киши бошига саноат ҳажми Тошкент шаҳридаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар паст.
Шу боис маҳаллалардаги резервлар ўрганилиб, туманни комплекс ривожлантириш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилди. У еттита асосий йўналишни қамраб олган.
Дастурга кўра, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё, фармацевтика, заргарлик каби соҳаларда умумий қиймати 10 триллион 238 милиард сўмлик 298 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.
Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, йўл ва коммунал тармоқларни таъмирлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларида янги ислоҳотларни жорий этиш, жиноятчиликни қисқартириш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.
“Агар маҳаллабай ичига кирсак, одамлар адолатни сезади”, дея таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари йиғилишга келган ёшларнинг фикрларини тинглади. Уларнинг барча таклифларини қўллаб-қувватлаб, ижроси бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
“Тошкентда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим бўлади. Шаҳар ёшлари форуми ўтказилади. Тошкент ёшлари карвонбоши бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахт туманларида “лойиҳалар фабрикаси” ташкил этиб, ёшларнинг бизнес ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.
“Ўзбекистоннинг эртанги кунини пешона теримиз билан яратамиз. Ким бу ишларни қилади? Ватанни севган, фидойи инсонлар! Йўлимиз битта: одамларга ҳалол хизмат қилиш, халқимизнинг розилигига эришиш”, дейди давлат раҳбари йиғилиш якунида.
LiveБарчаси