Тошкент шаҳрида Мудофаа вазирлигига қарашли янги ўқув маркази очилди
Бизнес
−
14 Январь 2023
6024Яхши ташкил этилган мудофаа кучлари фаолияти ва юксак салоҳиятга эга миллий мудофаа тизими бугунги кунда ҳар бир мамлакатнинг таянчи ва унинг ичидаги барқарорлик кафолатидир. Шу боисдан ҳам, ўз ички хавфсизлигини кафолатлашни мақсад қилган мамлакатлар мудофаа қудратини оширишга ҳаракат қилади.
Мамлакатимиз ҳам сўнгги йилларда ўз мудофаа салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратмоқда. Мудофаа ўқув юртлари тармоқлари кенгайтирилмоқда.
Миллий мудофаа тизимини самарадорлигини ошириш, шаксиз мамлакатимиз янги ҳарбий доктринасининг устувор тамойилларидан биридир.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қарамоғидаги ўқув маркази биноси фойдаланишга топширилди. Ўқув марказининг очилиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Холмуҳаммедов Шуҳрат Ғайратжонович, ўқув маркази раҳбарияти, шунингдек, пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Марказ қурилиши 2021 йил ноябрь ойида бошланган бўлиб, режага мувофиқ ўтган йилнинг декабрь ойида қуриб битказилди. Лойиҳанинг бош пудратчилари “Golden House ” ва “Yangi Zamon Bino” компанияларидир. Қурилиш, пардозлаш, муҳандислик тизимлари, ички коммуникациялар ва ободонлаштириш ишларининг катта қисми пудратчи корхона томонидан қисқа муддатда ниҳоясига етказилди. Очилиш тадбирида пудратчи корхона раҳбарлари ва ходимларига миннатдорчилик билдирилди, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. “Олтин уй” лойиҳаси раҳбари Андрей Мишин, шунингдек, “Yangi Zamon Bino” бўлими директори Константин Машарскийнинг хизматлари ва амалий ёрдами алоҳида таъкидланди.
Янги Марказда 300 нафар талабанинг эркин таълим олиши учун барча имкониятлар мавжуд. Янги мажмуа замонавий ўқув биноси, спорт зали, шинам ётоқхона, ошхона ва бошқа инфратузилма объектларидан иборат. Ўқув биноси халқаро андозалар асосида жиҳозланган бўлиб, 34 та ўқув хонаси, 8 та мультимедиа лабораторияси, 3 та ахборот-ресурс маркази ва катта мажлислар залидан иборат. Ҳарбий хизматчилар махсус ва касбий тайёргарлик курсларида қатнашиш, шунингдек, 8 та хорижий тилини ўрганиш имкониятига эга бўлади. Ушбу марказда, шунингдек, хорижий ҳамкор давлатларнинг ҳарбий кадрларини тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Янгича қиёфа касб этган ушбу ўқув марказининг барпо этилиши Ўзбекистон Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг соҳага эътибори натижаси бўлди. Мазкур марказ мудофаа соҳасида ҳамкор мамлакатларимиз учун дўстлик ва шериклик кўприги бўлиб хизмат қилади.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси