Тошкент шаҳар ИИББ яна “қовун туширди”
Жамият
−
18 Июнь 2020
79614Бугун, 18 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг интернет сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида “Тошкент шаҳар ИИББ ҳар доим ёрдамга тайёр” номли хабар тарқатилди. Унда ходимлари аҳоли билан мулоқот қилаётгани тасвирланган суратлар ҳам улашилган. Суратлардан фуқароларнинг юзлари уларнинг шахсини ошкор этмаслик мақсадида хиралаштирилган. Сурат остига эса қуйидаги матн илова қилинган:
“Пойтахт ИИББ ходимлари “Саховат ва кўмак” ҳаракатида фаол иштирок этмоқдалар. Яқинда Яшнобод тумани ИИО ФМБ ходимлари бошлиқ подполковник Тохиржон Зупаров бошчилигида туманда яшовчи ва моддий ёрдам ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтожа ўнта оиладан хабар олиб, уларга озиқ-овқат тўпламларини топширдилар. Ёрдам олган фуқаролар орасида кексалар, жисмоний имкониятлари чекланган инсонлар, кам таъминланганлар бор эди. Ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар давом этмоқда”.
Пойтахт ИИББ ходимларининг саховатли ишларга бош-қош бўлаётгани таҳсинга лойиқ, аммо булар кўзбўямачилик эмасми? ИИББдагилар одамларни ё аҳмоқ деб ўйлайди чоғи. Суратларда ИИББ ходимлари гўё ниқоб таққан ҳолатда одамлар билан мулоқот қилаётганини кўриш мумкин. Аммо ҳақиқий ҳолат бундай бўлмаган. Суратдаги ниқоб фотошоп дастури орқали ИИББ ходимлари юзига қўндириб чиқилган. Буни расмларни синчковлик билан кузатганлар яхши пайқайди.
Воқеа жойида на ИИББ ходимлари ва фуқаролар ниқоб таққан. Юқоридаги суратга яхшилаб эътибор қилинг. ИИББ ходимининг ортидаги ойна ҳаммасини фош қилган. Фотошопчилар ойнадаги аксга маска қўндиришни унутган.
Хўш, энди савол: бу билан кимни алдаяпсиз? Карантин қоидаларига риоя қилмаган минглаб одамларни жазолаш, жаримага тортишга етган фаросатингиз шунга келганда етмайдими ё сизга келганда қонун деганлари четга чиқадими? Бутун бошли одам ўлиб кетаётганда маска тақмаслик катта айб бўлибдими...
Шу кунларда мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият жиддий тус олмоқда. Давлат раҳбари кеча ўтган видеоселекторда ҳам ниқоб тақиш, қўлни тез-тез ювиш, гигиеник воситалардан фойдаланиш, ижтимоий масофа сақлаш масаласига алоҳида тўхталди. Буни назорат қилиш эса ҳамон ИИВ гарданида. Аммо улардаги ходимларнинг ўзи кўзбўямачилик қилса, Президентни, халқни алдашга уринса, додингни кимга айтасан?
LiveБарчаси