Тошкент менга 5 яшар қизимни эслатяпти

Жамият

image

Тошкент ўзгаряпти. Чирой очяпти, янги бинолар қуриляпти. Албатта, кўплар уйи ўрнига осмонўпар бинолар қурилаётгани, ўзи эса шаҳар четига кўчирилаётганидан рози эмас. Шундай бўлса-да, ўзгаришлар авжида. 

Тошкентнинг асосий ўзгаришларидан бири пойтахт маркази ва ҳатто айрим марказга олиб келувчи йўлларга декорацион чироқлар, турли шакллардаги безаклар ўрнатилгани бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шаҳарнинг гавжум нуқталарини безаб турган чироқлар ва декорациялар киши эътиборини ўзига тортмай қолмаяпти. Бироқ, Тошкент борган сари ўзига хослигини йўқотиб, пластик шаҳарга айланиб қоляпти, деётганлар ҳам йўқ эмас. Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларидан бирининг ёзганлари эса эътиборимизни тортди. Унда шундай дейилган:

“Тошкент бошқача эди. Уни бошқача севардик. Борича, оддий, самимий. Пойтахт шаҳар шундай бўлиши керак, менимча. Ҳозир у менга 5 яшар қизимни эслатяпти. У ҳам ҳар куни онасининг атир-упасини гоҳ лабига, гоҳ қошига суртади. Лаб бўёғи билан юзига расм чизгандек ҳолга келади. Камига нима топса, шуни тақиб олади. Тошкентга ҳам ярашса-ярашмаса топганимизни олиб келиб илаётгандекмиз...”

Ўзгаришлар ҳамма вақт ҳам яхши қабул қилинмаётганини масъуллар ҳам фарқига боришни бошладилар чоғи. Кеча Тошкентнинг қоқ маркази саналган Сайилгоҳ ва Зарафшон кўчалари кесишмасида ўрнатилган инсталляцияни бузиш ишлари бошланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар берди. 

Амир Темур хиёбонининг олд қисми бўлган, халқ тилида “Бродвэй“ номи билан машҳур кўчада ўтган йили қизил рангдаги ушбу ҳайкал ўрнатилганди. Баъзи ўринларда бу ҳайкалнинг афсонавий қуш тимсоли экани айтилган бўлса, баъзи манбаларда унинг аждар тимсоли эканини ёзишганди.

Мазкур объект ўрнатилгач, жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тошкентни бундай “арзон ва тушунарсиз безаклардан қутқариш” лозимлигини ҳам таъкидлашган.

Тошкентликлар, ҳатто, Тошкентга онда-сонда келиб турадиганлар ҳам ундаги ўзгаришларни шунчаки қабул қилиб кетавериши қийин. Аслида дунёнинг барча нуқтасида шундай. Пойтахт – мамлакатнинг юраги. Юракка эса пластик сайқал керакмасдек. 

Дарвоқе, бу Тошкентда норозиликлардан сўнг олиб ташланаётган иккинчи инсталляция. Бундан бир неча ой аввал “Grand Mir” меҳмонхонаси қаршисига ўрнатилган инсталляция ҳам олиб ташланган эди. Бу безак АҚШдан кўчирилган бўлиб, океан ортида 2001 йил 11 сентябрда содир этилган теракт воқеалари муносабати билан ўрнатилган.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг