Эксперт фикри: иш берувчининг зиммасидаги “ортиқча юк”ларни олиш вақти келмадими?
Жамият
−
09 Январь 2020
8877Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига 1-илова 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2019 йил 20 декабрга қадар меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бунда ходим билан бир вақтда иш берувчининг ҳам манфаатларини ифодалайдиган нормалар назарда тутилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Амалдаги Меҳнат кодексида иш берувчининг манфаатларини чеклайдиган, иш берувчини иложсиз ҳолатга солиб қўядиган баъзи нормалар мавжуд. Шулардан бири ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслигидир (Меҳнат кодекси 237-моддаси).
Ушбу нормага кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно. Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Бу аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.
Муддати тугагани сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
Бу норма бозор иқтисодиёти шароитида кўплаб иш берувчиларга тушов бўлмоқда. Амалиётда айрим ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар томонидан қонунчилик томонидан берилган ушбу кафолатларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни, меҳнат интизомига онгли равишда риоя қилмаслик, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажармаслик. Ходимнинг нолойиқлиги ва ишни уддалай олмаётганлигини исботловчи аниқ фактлар мавжуд бўлса ҳам, иш берувчилар малакаси ва меҳнат унумдорлиги ўта паст бўлган бундай тоифа ходимлар билан ишлашга мажбур бўлишмоқда. Бу эса ташкилотга иқтисодий жиҳатдан ҳам қимматга тушмоқда.
Бундай вазиятларда иш берувчи нима қила олади?
Фақатгина юқоридаги ходимларга қуйидаги интизомий жазолардан биринигина қўллай олиши мумкин:
• ҳайфсан;
• ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
• ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган ҳолатдагина ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.
Афсуски, иш берувчи ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қила олмайди. Бундай тоифа ходимлар томонидан ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Иш берувчи юқорида қайд этилган интизомий жазолардан бирини қўллаш билан кифояланади, холос.
Иш берувчи ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор ҳам қилди дейлик. Оқибати нима бўлади?
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 148-моддаси (Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш) 2-қисмига кўра аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Диққат! Шуни унутмангки, Жиноят кодекси 148-моддаси 2-қисми маъмурий преюдицияга эга эмас. Яъни, айбдор аввал шундай қилмиши учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида (Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) кўрсатилган маъмурий жазога тортилганидан сўнг бир йил давомида такрор равишда худди шу қилмишни содир этган бўлиши шарт эмас.
Яъни, агар иш берувчи аёлни ҳомиладорлиги ва уч ёшга тўлмаган боласи борлигини била туриб меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан ғайриқонуний равишда бекор қилса, тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилади.
Иккинчидан, меҳнат шартномаси қонунни очиқ-ойдин бузган ҳолда бекор қилинган деб топилади, суд меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиради.
Учинчидан, ходимни ишга тиклашда унга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти иш берувчига юкланади. Ходимга етказилган зарарни қоплаш қуйидагилардан иборат:
• мажбурий прогул вақти учун сўзсиз ҳақ тўлаш (МКнинг 275-моддаси);
• меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни (мутахассислар маслаҳати, йўлкира ва бошқаларни) қоплаш;
• маънавий зарарни қоплаш. Маънавий зарар миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатларига баҳо берган ҳолда аниқланиб, у ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимнинг илтимосига кўра суд уни ишга тиклаш ўрнига (мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи, маънавий зарар, меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлардан ташқари) уч ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган қўшимча компенсация ундириб бериши мумкин (МК
112-моддаси 2-қисми).
Тўртинчидан, амалиётда айрим иш берувчилар ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни қистов билан ёки турли таҳдидлар воситасида меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишга ҳаракат қиладилар.
Диққат! Асло бундай қила кўрманг! Агар ходим мен аризани иш берувчининг қистови натижасида ёзганман деган даъво билан судга мурожаат қилган тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилинишининг асослилигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчига юклатилишини эсдан чиқармаслик лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 15-бандида судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозимлиги таъкидланган.
Амалдаги Меҳнат кодексининг 111-моддаси 2-қисмида низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилиши назарда тутилган.
Қандай ҳолатларда ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин?
1. Тарафларнинг келишувига кўра (МК 97-моддаси 1-банди). Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин. Асосий шарт иш берувчи ва ходимнинг ўзаро келишувидир. Агар томонлардан бири рози бўлмаган тақдирда ҳам, меҳнат шартномасини ушбу асос билан бекор қилиб бўлмайди.
2. Ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш (МК 99-моддаси).
3. Ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилиниши мумкин. Бунда ҳолатда ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МК 89-моддаси).
4. Муддатли меҳнат шартномасини муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш(МК 105-моддаси).
Диққат! МК 237-моддаси 2-қисми талабига кўра, муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда иш берувчи ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
5. Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши (МК 106-моддаси). Масалан, ходимнинг вафоти муносабати билан, ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда ва бошқа ҳолатлар.
6. Корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш (МК 100-моддаси, 2-қисм 1-банди).
7. Меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра (МК 97-моддаси 5-банди).
Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.
Масалан, ходимни бош бухгалтер лавозимига ишга олиш жараёнида, агарда бош бухгалтер корхонадаги молиявий интизомни таъминлай олмаса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эгалиги ҳақидаги банд меҳнат шартномасида киритилган бўлса, бош бухгалтер билан меҳнат шартномаси унинг ҳомиладорлиги ёки уч ёшга тўлмаган боласи борлигига қарамасдан бекор қилиниши мумкин.
8. Янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан
(МК 97-моддаси 6-банди).
Муҳаммадамин Каримжонов
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
LiveБарчаси