Тиббиёт ходимлари учун иккита янги мукофот таъсис этилади
Жамият
−
11 Май 2020
9028Бугун, 11 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Мажлис “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини муҳокама этишдан бошланди.
Дунё миқёсида коронавирус пандемияси давом этаётган бир вақтда “Саломатлик” орденини таъсис этишни даврнинг ўзи тақазо этаётгани таъкидланди.
Ушбу орден икки даражадан иборат бўлиб, I даражали “Саломатлик” ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлар тақдирланади. II даражали орден билан эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этишда фаол иштирок этган шахслар мукофотланади.
Худди шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган ҳамюртларимиз хизматлари эътироф этиш мақсадида “Соғлом турмуш” медали таъсис этилмоқда.
“Саломатлик” ордени ҳамда “Соғлом турмуш” медали билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Ушбу орден ва медалнинг таъсис этилиши бугунги кунда халқимиз саломатлиги учун курашаётган фидойи касб эгалари, шунингдек, синовли кунларда инсоний фазилатларини намоён этаётган саховатпеша ва мард ҳамюртларимизни маънавий-руҳий рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тўртинчи ялпи мажлис кун тартибидаги мазкур қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, ялпи мажлис кун тартибига 20 та масала киритилган, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилиши назарда тутилган.