Террористик ташкилотга қўшилган ота қамалди, ўғил қидирувга берилди
3-саҳифа
−
03 Март 11356 3 дақиқа
Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотига алоқаси бўлган ота ва ўғил аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ёт ғоялар таъсирида 2019 йилда Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган. У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан бошқалардан пул йиғиб, террористик ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашиб келган.
Аниқланишича, 2021-2025 йиллар давомида мазкур шахс интернет орқали ўзбекистонлик фуқаролар билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида пул маблағлари юборишга даъват қилган ва катта миқдорда пул йиғишга эришган.
Унинг алдовларига учиб, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 155-3-моддаси (терроризмни молиялаштириш) айби билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Бундан ташқари ушбу шахс ўзининг қабиҳ ишларига Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи, 1965 йилда туғилган ўз отасини ҳам жалб қилган.
Хусусан, 2022-2025 йилларда давомида унинг отаси Binance халқаро крипто-биржаси орқали жами 13 597 USDT криптовалютасини ўғлига юборган.
Маълум бўлишича, ота муқаддам диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш билан шуғулланганлиги учун 2019 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, Жиноят кодексининг 244-1-моддасига (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Кейинроқ эса у Бухоро шаҳар судининг ажрими билан шартли равишда озод қилинган.
ДХХ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ҳаракатларига фош этилиб, жиноят иши қўзғатилган.
Бухоро шаҳар судининг ҳукми билан 1965 йилда туғилган мазкур фуқаро Жиноят кодексининг 155-3-моддаси (терроризмни молиялаштириш) 2-қисми “а” банди ва 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Унинг ўғлига нисбатан эса Жиноят кодексининг 244-1- (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш), 244-2- (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 155-2 (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 155-3 (терроризмни молиялаштириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун 25 йилдан ортиқ қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси хорижда ушланиб, мамлакатга олиб келингани ҳақида хабар берилганди.