Telegram’даги терроризм, “эркалатилган” Зеленский ва ўйиндаги президентлар — Weekend

Таҳлил

Reklama
0:00

Энди Россия Telegram’га ҳам босим қилмоқда. Компания раҳбари Павел Дуров террорист, мессенжер эса Украина разведкасининг террористик ҳаракатларини режалаштирадиган майдони эмиш. Аммо миллиардер бу айбловлар ортида бошқа сабаблар борлигини айтмоқда.
Жорий ҳафтада Зеленский тинмади. Бир қарасангиз Буюк Британияга, яна бир қарасангиз АҚШга сафар қилмоқда. Бирлашган Қиролликнинг янги Бош вазири илк хорижий меҳмон сифатида айнан уни кутиб олди. Жаноб Бернемнинг таъкидлашича, Лондон Киевни 100 фоиз қўллаб-қувватлайди. Украина Президентини АҚШда ҳам хафа қилишмади. Ғарбга саёҳат муваффақиятли бўлди демоқда Зеленский.

Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари иштирокида норасмий Маслаҳат учрашуви ўтказилди. Гольф билан бошланган тадбир Чўлпонота декларациясининг имзоланиши билан якунланди. Хўш, Марказий Осиёнинг бугун кун тартибида қайси масалалар актуал?

Анқарадаги Туркия ва Ироқ делегацияси ўртасидаги учрашувларда кутилмаган ҳолат юз берди. Кичик бир узилиш катта геосиёсий муаммоларни кўрсатиб берди. Бугун Ироқ ҳукумати қанчалик мустақил ёки Эроннинг Бағдоддаги таъсири қандай деган саволлар яна кўпчиликни ўйлантира бошлади. Хўш, асл вазият қандай?

Дуров қидирувда

Биз ҳар куни ишлатадиган Telegram иловасининг асосчиси ким эканлигини билсангиз керак. Билмайдиганлар бўлса, у келиб чиқиши рус миллатига мансуб Павел Дуровдир.

Дуров 1984 йилда Ленинградда туғилган ва Санкт-Петербург давлат университетида таълим олган. У аввал Россиянинг энг йирик ижтимоий тармоқларидан бири – VKontakte'ни ихтиро қилган бўлса, 2013 йилда акаси Николай Дуров билан биргаликда Telegram мессенжерига асос солди. 2014 йилда Россия ҳукуматининг фойдаланувчилар маълумотларини тақдим этиш ҳақидаги талабини рад этгач, мамлакатни тарк этди ва Дубайга кўчиб ўтди. Ҳозирда у Дубайда яшайди ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ва Франция фуқаролигига эга.

Бугунга келиб Telegram дунёнинг энг йирик мессенжерларидан бирига айланди. Компания маълумотларига кўра, платформа 2025 йилда ойига 1 миллиарддан кўпроқ фаол фойдаланувчига эга. Telegram айниқса Марказий Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда кенг оммалашган. Жумладан, Ўзбекистонда энг кўп фойдаланиладиган тармоқ ҳам айнан Telegram’дир. Ҳиндистонда эса платформадан 150 миллиондан ортиқ фойдаланувчи мунтазам фойдаланиб келмоқда. Махфийлик сиёсати, тезкор ишлаши ва минглаб аъзони бирлаштира оладиган каналлари Telegram’ни нафақат оддий мулоқот воситаси, балки янгиликлар, бизнес ва сиёсий коммуникациянинг муҳим майдонига айлантирган. Telegram дунёда энг кўп юклаб олинадиган 5 та мобил илова қаторига киради. Шунингдек, хизматнинг пуллик Telegram Premium обуначилари сони 15 миллиондан ошган.

Бугун 41 ёшли миллиардер қидирувда. Рус ҳукумати уни Россияда террорчилик фаолиятига кўмаклашишда айбламоқда. Дуровнинг ўзи эса буни туҳмат деб, асл сабаб иловада оммавий кузатув ва цензура ўрнатиш талабларини рад этгани бўлганини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, Telegram маъмурияти Россияда тақиқланган ҳолда фаолият юритиб келган айрим каналлар, чатлар ва ботларни ўчирмаган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ушбу платформалардан Украина разведкаси қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўришда фойдаланганини даъво қилмоқда.

“Сохта ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари юборилган маблағлар Украина Қуролли Кучлари ҳисобларига келиб тушгани, узатилган координаталардан эса душман ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумларини режалаштиришда фойдаланганини маълум қилишган”, дейилган агентлик ҳисоботида.
ФХХ маълумотида “Дайвинчик” танишув сервиси орқали Украина махсус хизматлари ходимлари қизлар номидан россиялик ёшлар билан танишган, уларни йирик савдо марказлари ёки ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинига учрашувга чақирган. Шунингдек, ушбу шахслар кейинчалик турли ҳужумлар ва қўпорувчилик ҳаракатларига жалб қилинганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Дуровга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми, яъни террорчилик фаолиятига кўмаклашиш бўйича айблов эълон қилинган. Бунга жавобан Telegram Messenger’нинг расмий X саҳифасида миллиардернинг ўрта бармоғи билан қўпол ишора қилаётгани акс этган сурат жойлаштирилди. Дуровнинг ўзи Telegram’даги каналида: “Россия қонунларига кўра, менга “интернетга маълумот жойлаштириш” тақиқланган, лекин улар ким кимни интернетдан тақиқлай олиши борасида янглишишди”, деб пост жойлади.

Қизиғи шундаки, Telegram’га қарши ҳаракат фақат Россияда эмас, Австралияда ҳам бошланди. Австралия интернет хавфсизлиги регулятори террорчилик тарғиботига оид материалларни ўз вақтида ўчирмагани учун Telegram’га нисбатан суд жараёнини бошлади.

Электрон хавфсизлик комиссариати (eSafety Commissioner) маълумотига кўра, Telegram террористлар қатли ва оммавий қирғинлар акс этган видеоларни платформадан олиб ташлаш бўйича талабларни бажармаган. Сўнгги йиллардаги энг машҳур экстремистик зўравонлик ҳаракатлари, жумладан, Крайстчерч ва Буффало ҳужумлари билан боғлиқ материалларга тақиқлар жорий этилган бўлса-да, иловада тарқалишда давом этган.

“Бизнинг даъвомизга кўра, Telegram бу контент ҳақида расман хабардор қилинганидан анча кейин ҳам материаллар платформада очиқ қолган”, деган eSafety комиссари Жули Инман Грант.

Маълум қилинишича, Австралиянинг кодекс ва стандартларига риоя қилинмаган тақдирда, Telegram 54,6 миллион Австралия долларигача (38 миллион АҚШ доллари) миқдорида фуқаролик жаримасига тортилиши мумкин.

Аммо компания расмийлари бу айбловларни рад этиб, фақат 2026 йилнинг ўзида минглаб экстремистик ҳамжамиятлар блоклангани, терроризмга қарши кураш чора-тадбирлари яхши ишлаб чиқилганини маълум қилди. Судга тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилишича, 2025 йил июль–октябрь ойлари давомида Австралиядаги Telegram фойдаланувчилари террорчилик тарғиботига оид 12 та пост юзасидан шикоят қилган. Уларнинг 3 таси террорчилик мазмунидаги маълум контентни ўз ичига олган.

“Биз ушбу айбловларни қабул қилмаймиз ва судда уларга қарши курашамиз”, деган компания вакили.

Бироқ, иддаога кўра, Telegram ушбу постларнинг 10 тасини ўчирмаган, шунингдек, уларни жойлаштирган аккаунтларни ҳам блокламаган ёки фаолиятини тўхтатмаган.

Аммо Франция ҳукумати Дуровни Россияга топширмоқчи эмас. 29 июль куни француз адвокати Филипп де Вель миллиардерга нисбатан қўйилган айбловлар юзасидан муносабат билдириб, Франция ўз фуқароларини бошқа давлатларга экстрадиция қилмаслигини маълум қилган.

“Франция Жиноят-процессуал кодексининг 696-4-моддаси мамлакат фуқароларини экстрадиция қилишга йўл қўймайди. Бироқ, агар тегишли ҳаракатлар Франция ҳудудида ҳам жиноят деб топилса, мамлакатнинг ўзи жиноий таъқибни бошлаши мумкин”, деган де Вель.

Маълум қилинишича, агар Россия Дуровни ҳибсга олиш учун Интерпол орқали халқаро қидирув эълон қилса ҳам, бу Францияда автоматик тарзда ижро этилмайди. Де Вель Интерпол низомининг 3-моддасига ҳам эътибор қаратиб, ташкилот сиёсий, ҳарбий, диний ёки ирқий характердаги ишлар бўйича аралашмаслигини эслатган.

Айтиб ўтиш жоизки, амалда Россия ҳудудида Telegram иловасига қатор чекловлар қўйилган. Мамлакатда иловадан ҳозир фақат VPN орқали фойдаланиш мумкин. Шунга қарамай, мамлакат ҳудудида ундан ҳануз фойдаланилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, сиёсий босимлар қулайлик ва одатларга таъсир қила олмаяпти. Аммо бу қачонгача давом этади, номаълум.

Зеленскийнинг Ғарбга саёҳати

Россияга қарши тенгма-тенг жанг олиб бориш осон эмас. Айниқса, “қўнғир айиқ”нинг жаҳли чиқса, омборида чанг босиб ётган “ўйинчоқ”ларини бирин-кетин улоқтиришни бошлайди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса анчадан бери бу ишни қилиб келмоқда.

Дронлар-ку ўз йўлига, лекин отилган ракеталарни майда-чуйда воситалар билан тўхтатиб бўлмайди. Шундай экан, Киевга ҳаво мудофааси ва узоқ масофали қуроллар зарур. Айнан шу сабабли, Зеленский Ғарбнинг икки қудратли давлатига сафар уюштирди. Бир неча кун ичида амалга оширилган ташрифлар Украина учун нафақат сиёсий қўллаб-қувватлаш, балки янги ҳарбий технологиялар, қурол-яроғ ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятини ҳам тақдим этди.

27 июль куни Зеленский Буюк Британия Бош вазири Энди Бернемнинг лавозимга киришганидан кейин қабул қилган илк хорижий давлат раҳбарига айланди. Учрашув Англиянинг Портсмут шаҳридаги “HMS Queen Elizabeth” авиаташувчи кемасида бўлиб ўтди. Янги бош вазир Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.

“Оддий қилиб айтганда, Владимир, биз сизни қўллаб-қувватлаётганимизни, менга ва бизга ишонишингиз мумкинлигини билишингизни истайман. Буюк Британияга қанча керак бўлса, шунча вақт ишонишингиз мумкин”, деди Бернем.

Икки давлат раҳбарлари Қора денгиздаги хавфсизлик, ҳаво мудофааси ва дронлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди. Музокараларнинг энг муҳим натижаларидан бири – Британиянинг “Stone Cloak” электрон уруш технологияси бўйича ишланмаларини Украинага тақдим этиши бўлди. Натижада, Киев ушбу тизимни ўз ҳудудида оммавий ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Мазкур қурилмалар Россия ҳаво мудофааси тизимларини чалғитиш ва украин дронларининг омон қолиш эҳтимолини оширишга хизмат қилади. Келгусида ушбу технологияни Британиянинг ўзи ҳам янги узоқ масофали ракеталарига интеграция қилиши режалаштирилган.

Томонлар Британияда Украина учун дрон ишлаб чиқариш лойиҳаларини ҳам йўлга қўйишга келишиб олди. Бундан ташқари, Зеленский ва Бернем “Exercise Sea Breeze” дастури доирасида тайёргарликдан ўтаётган 200 нафардан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчилар билан учрашди. Машғулотларда 15 та давлат иштирок этмоқда.

Буюк Британия ҳукуматининг маълумотларига кўра, 2022 йил февралидан буён Лондондан Украинага ажратилган ёрдам ҳажми 25 миллиард фунт стерлингдан ошган бўлиб, шундан 16 миллиард фунти ҳарбий кўмак ҳиссасига тўғри келади. Бернем бу сиёсат ўзгармаслигини таъкидлаб, Украинани “қанча керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.

Лондондан сўнг, Зеленский АҚШга, Дональд Трамп ҳузурига йўл олди. Шундоқ ҳам Эрондаги урушга миллиардлаб доллар харажат қилиб юбораётган Пентагон Зеленскийни ҳам хафа қилиб юбормаган кўринади, ёпиқ эшиклар ортида ўтган музокаралардан сўнг, Украина президенти “ҳаммаси кўнгилдагидек ўтди”, деб баёнот берди.

Музокараларнинг марказида Patriot тизимлари, Россияга қарши босимни кучайтириш ҳамда Украинанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари бўлгани айтилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Зеленский Трампдан НАТО саммитида берган ваъдасини бажаришни, яъни Украинага тутиб олувчи Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиясини беришни сўраган. Украина узоқ вақтдан бери Американинг Patriot ракеталарини олишга интилмоқда. Киевнинг таъкидлашича, ушбу ракеталардан мамлакат бўйлаб ортиб бораётган Россиянинг дрон ва баллистик ракета ҳужумларидан Украина шаҳарларини ҳимоя қилишда фойдаланиш мумкин.

“Президент билан Patriot тутиб олувчи ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиялари ҳамда ёрдам бериши мумкин бўлган бошқа бир қанча ғояларни муҳокама қилдик. Шунингдек, дипломатия ҳақида ҳам гаплашдик – дипломатик жараёнга янгича импульс берилиши жуда муҳим. Жамоаларимиз кейинги мулоқот тафсилотларини келишиб олади. АҚШга қатъий қўллаб-қувватлови учун миннатдорчилик билдираман”, деб ёзади у ўзининг X саҳифасида.

АҚШ сафарининг энг қизиқарли жиҳатларидан яна бири технологик ҳамкорлик масаласи бўлди. The Atlantic нашрига кўра, Зеленский Трампдан миллиардер Илон Маск билан боғланишда ёрдам сўраган бўлиши мумкин. Тушуниб турганингиздек, гап SpaceX’нинг Starlink сунъий йўлдош интернети имкониятларини кенгайтириш ҳақида кетмоқда. Киев Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба берувчи учувчисиз аппаратлар учун ҳам ушбу тизимдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни истамоқда.

Шунингдек, Зеленский Трампни Украинага ташриф буюришга таклиф қилиб, уруш оқибатларини жойида кўришга чақирди. Украина раҳбари тинчликка фақат дипломатик баёнотлар эмас, балки Россияга босимни кучайтириш ва замонавий қурол-яроғ етказиб бериш орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлади.

Шундан сўнг, Украина Президенти сенаторлар билан учрашиб, Россияга санкцияларнинг янги турларини қўллаш масаласини муҳокама қилди. Зеленский X саҳифасидаги постида бу санкцияларни марҳум сенатор Линдси Грэмнинг ҳаракатларини давом эттириш деб баҳолади.

“Бугун сенатор Линдси Грэм билан видолашаётганимизда, Сенат у жуда кўп меҳнат қилган Россияга қарши санкциялар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича процессуал овоз бериш жараёнини ўтказгани рамзий маънога эга. Овозлар санаб чиқилаётганда ҳозир бўлиш мен учун шараф бўлди – 86 нафар сенатор қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу Линдсининг режаларини амалга ошириш сари биринчи қадам ва шубҳасиз, тинчлик сари қўйилган қадамдир”, деб ёзди у.

Қисқа қилиб айтганда, бир неча кунлик Ғарбга саёҳат Зеленский учун муваффақиятли бўлди. Ундан қурол, бундан қалқон қилиб йиғилаётган қудрат Россияга қарши туришга ҳозирча ёрдам беряпти. Аммо бугун Москвани бундай қўллайдиган дўсти йўқ ҳисоб. Шундай экан, Киев ҳам яна бироз чидаб берса, бу уруш ҳам якунига етиб қолса керак.

Марказий Осиёнинг тарихидаги энг муҳим давр
31 июль куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл бўйидаги Чўлпонота шаҳри Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг навбатдаги норасмий Маслаҳат учрашувига мезбонлик қилди. Сўнгги йилларда минтақадаги энг муҳим сиёсий майдонлардан бирига айланган ушбу формат бу сафар илк бор Озарбайжон иштирокида ўтказилди. Натижада беш Марказий Осиё давлати ва Жанубий Кавказнинг етакчи давлати бир стол атрофида жам бўлиб, минтақанинг келажакдаги ривожланиш йўналишларини муҳокама қилди.

Саммитда мезбон сифатида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирок этди.

Учрашув аввалига норасмий муҳитда бошланди. Давлат раҳбарлари Чўлпонотада бунёд этилган халқаро даражадаги Golf Resort спорт-туризм мажмуасининг очилиш маросимида қатнашиб, гольф майдончасида рамзий илк зарбаларни амалга оширди. Иссиқкўл соҳилидаги учрашув минтақа раҳбарларининг сўнгги йилларда шаклланган ўзаро ишончи ва самимий мулоқотини яна бир бор намоён этди.

Шундан сўнг, президентлар Маслаҳат учрашувининг расмий қисмига ўтиб, иқтисодий интеграция, транспорт-логистика йўлаклари, минтақавий хавфсизлик, экология, инвестициялар ва аҳоли фаровонлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Ялпи мажлис давомида давлатлар раҳбарлари бирин-кетин нутқ қилиб, ўз позицияларини билдирди.

“Бугун биз давлатларимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида йиғилиб турибмиз. Шу йиллар мобайнида ҳар бир мамлакат давлатчиликнинг шаклланиши, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланишнинг ўзига хос ва бетакрор йўлини босиб ўтди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Мирзиёев илгари кўплаб масалаларда тарқоқ ҳаракат қилган давлатлар бугун умумий тараққиёт мақсадлари йўлида бирлашганини, минтақа олдинги даврлардан тубдан фарқ қилишини айтди. Унинг фикрича, Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилиши ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий босқичга олиб чиқади. Президент Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни боғловчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш учун тарихий имконият пайдо бўлганини ҳам таъкидлади.

“Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда. Ушбу вазиятдан тўлиқ фойдаланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса минтақа бугунги кунда ўз тарихидаги энг муваффақиятли даврни бошдан кечираётганини билдирди. Унинг фикрича, сўнгги йилларда давлатлар ўртасида сиёсий мулоқот кучайган, иқтисодий алоқалар кенгайиб, ўзаро ишонч сезиларли даражада мустаҳкамланган. Шунингдек, Тўқаев Озарбайжоннинг қўшилиши муҳим босқич эканини айтиб ўтган.

“Қозоғистон эришилган келишувларга содиқдир ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятларга эришишимизга ишонади”, дейди Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари Қирғизистонни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайлангани билан табриклади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса кўпроқ иқтисодий ҳамкорлик ва янги таҳдидларга биргаликда қарши туриш масаласига эътибор қаратди. Унинг фикрича, геосиёсий кескинлик кучаяётган, хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келаётган бир даврда мамлакатларнинг муаммоларга биргаликда ечим излаш қобилияти алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, Тожикистон раҳбари халқаро майдонда Марказий Осиёга қизиқиш ортиб бораётганини айтиб, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишга ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.

“Биз ушбу имкониятлардан халқларимиз манфаатлари йўлида максимал даражада самарали фойдаланишимиз, шу билан бирга минтақавий ривожланишнинг долзарб масалаларини илгари суришда барча томонлар учун мақбул бўлган ёндашувларни сақлаб қолишимиз керак”, дейди у.
Имомали Раҳмон энергетик хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, қўшма замонавий нефтни қайта ишлаш заводи қуриш ташаббуси билан чиқди. Мазкур лойиҳа амалга оширилса, у минтақа энергетик хавфсизлиги ва саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

“Тегишли идораларимизга энг сўнгги технологияларни жалб қилган ҳолда минтақада йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш масаласини ишлаб чиқишни топширишни таклиф қиламан”, дейди Раҳмон.

Саммит якунида давлат раҳбарлари Чўлпонота декларациясини имзолади. Ҳужжат минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда халқаро майдонда ўзаро мувофиқлаштирилган сиёсат юритишга қаратилган умумий ёндашувларни ўзида мужассам этади.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров декларация минтақа давлатларининг умумий мақсад ва манфаатларини акс эттирувчи муҳим сиёсий ҳужжат эканини таъкидлади. У, шунингдек, сўнгги йилларда Марказий Осиёда чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича эришилган тарихий келишувлар давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаганини қайд этди. Жапаров ҳамкасбларига Қирғизистоннинг 2027–2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўллаб-қувватлагани учун ҳам миннатдорлик билдирди.

Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Қирғизистонга расмий ташрифи давомида Бишкек ва Баку ўртасида қатор янги битимлар имзоланди. Бу Алиевнинг Марказий Осиё давлатларига амалга оширган 16-расмий ташрифи бўлиб, Озарбайжоннинг минтақа билан алоқалари тобора стратегик тус олаётганини кўрсатмоқда.

Чўлпонотадаги учрашув яна бир жиҳати билан эътиборга молик бўлди. Бир неча йил аввал ўзаро чегара низолари, сув масалалари ва сиёсий келишмовчиликлар билан тилга олинган Марказий Осиё бугун интеграция, транспорт йўлаклари ва қўшма иқтисодий лойиҳаларни муҳокама қилаётган ҳудудга айланмоқда. Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилиши эса Марказий Осиёни Жанубий Кавказ орқали Европа ва Каспий минтақаси билан боғловчи геосиёсий ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида баҳоланмоқда.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг ташаббуси билан Марказий Осиё етакчилари ва Озарбайжон раҳбарининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида ташкил этилиши эълон қилинди.

Нега Ироқ Туркияни рад этди?

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Ироқ Бош вазири Али Зайдийнинг 28 июль куни Анқарадаги учрашуви якунлари бўйича ўтказилган имзолаш маросимида юз берган воқеа жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Одатда протокол асосида ўтадиган бундай тадбирларда сиёсий можаро ҳар доим ҳам бўлавермайди. Бироқ бу сафар Ироқ транспорт вазири Веҳеб Салмон Муҳаммад бизни лол қолдирди, ҳаммаси ҳал бўлиб турган бир пайтда у “Тараққиёт йўли” лойиҳаси бўйича ҳужжатни имзолашдан бош тортди. Воқеа жонли эфирда намойиш этилгани боис қисқа вақт ичида халқаро ОАВда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Музокаралардан сўнг, Эрдўған ва Зайдий иштирокида икки мамлакат ўртасида 5 та битим имзоланган. “Таълим ва академик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми”, “Ёшлар ва спорт соҳаларидаги англашув меморандуми”, “Саноат мулки соҳасидаги ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми”, “Фишабур – Овакўй чегара ўтказиш пункти орқали темир йўл ва автомобиль транспортида ташишга оид англашув меморандуми” ҳамда “Табиий ресурслар эвазига Ироқ Республикаси ҳудудида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид ҳадли англашув меморандуми” шулар жумласидан эди. Сўнгги икки ҳужжат Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли ҳамда Ироқ транспорт вазири Веҳеб Салмон Муҳаммад томонидан имзоланиши керак эди.

Маросим давомида дастлаб 3 та ҳужжат имзолангач, тадбир якунланиши эълон қилинди. Шунда Эрдўған: “Бешта битим эмасмиди?” дея ҳайрат билан мурожаат қилади. Шундан сўнг, Ироқ делегацияси орасида қисқа муҳокама бошланади ва Ироқ транспорт вазири Веҳеб Салмон Муҳаммад делегациянинг бошқа аъзолари билан биргаликда “Тараққиёт йўли” лойиҳаси бўйича ҳужжатни имзолашдан бош тортгани маълум бўлади.

Вазиятга Ироқ Бош вазири Али Зайдий аралашиб, таржимон орқали: “Президентга айтинг, унга имзолашни буюрдим”, деди. Орадан кўп ўтмай вазир ҳужжатни Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралўғли билан биргаликда имзолади.

Расмий Бағдод дастлаб юзага келган вазиятни техник тушунмовчилик билан изоҳлади. Бироқ воқеа ортидан пайдо бўлган маълумотлар бу ерда ташқи таъсирнинг қўли борлигига ишора қилмоқда. Айрим манбаларга кўра, Веҳеб Салмон Муҳаммад имзо қўймаслик бўйича кўрсатмани WhatsApp орқали олган. Хусусан, унга Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи томонидан кўрсатма берилгани айтилмоқда. Аммо бу тасдиқланмаган маълумотлар эканлигини унутмаслик керак, негаки агар Эрон ҳукумати ростдан ҳам меморандумнинг имзоланишини хоҳламаганида, бу содир бўларди. Аммо бундай миш-мишларни ҳам йўқ жойдан пайдо бўлган деб бўлмайди.
Хўш, шу ўринда ўринли бир савол пайдо бўлади: нега Эрон Туркия ва Ироқ ўртасидаги транспорт лойиҳасидан норози бўлиши мумкин?

Гап “Тараққиёт йўли” лойиҳасида. Тахминан 17 миллиард долларлик ушбу ташаббус Ироқнинг Форс кўрфазидаги Ал-Фав портини темир йўл ва автомобиль магистраллари орқали Туркия билан боғлашни кўзда тутади. Лойиҳа ишга тушса, Ҳинд океани ва Форс кўрфазидан Европага йўл оладиган юкларнинг муҳим қисми Туркия орқали ўтиши мумкин. Бу эса Ироқни минтақавий логистика марказига, Туркияни эса Осиё ва Европани боғловчи асосий транзит давлатлардан бирига айлантириши мумкин.

Айнан мана шу жиҳат Эрон манфаатларига буткул зид. Сўнгги йилларда Теҳрон халқаро савдода ўз ҳудуди орқали ўтадиган транспорт йўлакларини ривожлантиришга катта сармоя киритмоқда. Хусусан, Шимол-Жануб транспорт йўлаги ва Чобаҳор порти Эроннинг геоиқтисодий стратегиясида муҳим ўрин тутади. Аммо уруш бу савдо йўлларини фалаж қилиб қўйди. Агар “Тараққиёт йўли” муваффақиятли ишга туширилса, минтақадаги юк оқимининг бир қисми Эронни четлаб ўтиши ва Теҳроннинг транзит даромадлари ҳамда геосиёсий таъсирига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Яна бир муҳим омил – Ироқ ичидаги сиёсий кучлар мувозанати. Веҳеб Салмон Муҳаммад Эрон билан яқин алоқаларга эга деб қараладиган “Бадр” ташкилоти вакилларидан бири экани айтилмоқда. Ушбу сиёсий-ҳарбий тузилма узоқ йиллардан бери Теҳроннинг Ироқдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида тилга олинади. Агар вазир ҳақиқатан ҳам Эрон манфаатларини инобатга олган бўлса, унинг дастлабки қарори оддий протокол хатосидан кўра кенгроқ геосиёсий ҳисоб-китоб маҳсули бўлиши мумкин.

Шунга қарамай, якунда ҳужжат барибир имзоланди. Бу эса Бағдод ҳукумати Туркия билан стратегик ҳамкорликни сақлаб қолишни афзал кўрганини кўрсатади. Бироқ бир неча дақиқалик иккиланишнинг ўзи ҳам Ироқ ташқи сиёсати қанчалик мураккаб босимлар остида эканини намоён этди. Бир томонда иқтисодий манфаатлар ва Туркия билан транспорт интеграцияси турса, иккинчи томонда Эроннинг сиёсий таъсири ва Ироқ ичидаги Теҳронга яқин кучларнинг позицияси мавжуд.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг