Олигарх компаниясида ғалаён. Олмалиқда ишчилар нега маошини ололмаяпти?
Таҳлил
−
09 Апрель
17298“Enter Engineering”. Бу компания номини эшитганимизда ҳаёлимизга унинг нефть ва газга ихтисослашгани эмас балки ўз маошини ололмаётган сарсон ишчилар келади. Бу гап бекорга эмас. Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда тез-тез бу компания ишчиларининг норозилик уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалади. Масалан, куни кеча тармоқларда Олмалиқ шаҳридаги ушбу компания ишчилари узоқ вақтдан бери ойлик берилмаганини айтиб, норозилик билдиргани акс этган видеолар тарқалди. Шундан сўнг, мазкур ҳолатга компания ўз муносабатини билдирди.
Унга кўра, компания ходимларининг иш ҳақи бевосита буюртмачи олдида бажарилган иш ҳажмини муваффақиятли асослаб берилишига тўғридан-тўғри боғлиқ. Компаниянинг иддао қилишича, ҳозирги кунда ходимларнинг февраль ойи учун маошлари тўлиқ тўлаб берилган.
“Айни вақтда март ойи учун ҳажмларни асослаш жараёни кетмоқда, уларнинг якунига кўра, бутун иш ҳақи тўлаб берилади. Яъни шундай тартиб борки, унга кўра, аввалига қурилиш объектларида олдинги ойда бажарилган ишлар ҳажми буюртмачи олдида ҳимояланиши керак. Айнан ҳимоя қилинган ҳажмлар иш ҳақини баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Сўнгра солиқларни ҳисоблаш ва ҳисоботларни топшириш, шунингдек, ходимларга тўлиқ маош бериш жараёнлари содир бўлади", дейилади муносабатда.
Шунингдек, компания муносабатида муаммоларни ҳал қилиш учун вақт талаб қилиниши айтган. Айни вақтда “Enter Engineering” компаниясида ходимларга март ойи учун иш ҳақини тўлаш жараёни кетаётгани қўшимча қилинган.
Ким алдамоқда? Ишчиларми ёки компания?
Аммо биз ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида компания ишчилари билан боғландик. Ишчиларга кўра, улар муносабатда айтилганидек февраль ойининг эмас, январь ойининг маошини энди олишмоқда. Шунда ҳам маошнинг 70 фоизи нақд шаклида берилиб, қолган 30 фоизи пластик карточкага ташлаб берилмоқда. Хўш, кимга ишонайлик? Февраль ойлигини тўлиқ тўлаб бердик, март ойи учун жараёнлар кетаяпти деб бонг ураётган компаниягами ёки январь ойлигини энди қўлига ушлаган ишчиларгами? Энг ачинарлиси, компания ишчилари январь ойининг маошини норозилик уюштирганларидан сўнг олишган. Ҳозир эса аллақачон баҳор фаслининг иккинчи ойи бошланган.
Шунингдек, компаниянинг қайд этишича, маошларнинг тўлаб берилиши биринчи навбатда қурилиш компаниясининг ўзи, қолаверса, сифат назорати хизматлари ва буюртмачининг мустақил техник назорати хизматлари томонидан текширилиши керак бўлган қурилиш ишларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ.
Ҳа, айтганча компания муносабатининг сўнгида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи видеолар уч йил олдинги фейк видео ҳисобланиши билдирган. Компания ҳам, буюртмачилар ҳам ходимлари олдидаги барча мажбуриятларни бажариб келаётганини урғулаган.
Бироқ компаниянинг кўп сонли ходимлари раҳбариятни ёлғончиликда айблашда давом этмоқда.
2020 йилда юз берган ишчилар исёни
Шуни қайд этиш керакки, жамиятда кўплаб шубҳаларга сабаб бўладиган ушбу компанияда ишчилар билан бундай ҳолатлар содир бўлиши биринчиси эмас. 2020 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фаолият юритаётган GTL заводининг юзлаб ишчилари исён кўтарганди. Хўп, бунга “Enter Engineering”ни нима алоқаси бор дерсиз. Гап шундаки, ўша вақтда Ўзбекистон GTL заводини айнан шу компания қураётганди. Ўша вақтда ҳам компания ишчилари маоши 4 ойдан буён тўланмагани, ходимларга етарли шароит яратилмаганини айтиб норозилик билдиришганди. Ишчиларнинг оммавий норозилиги ташкилотнинг бош пудратчиси “Enter Engineering”, “Hyundai Engineering”, субпудратчилар ҳамда буюртмачи "Uzbekistan GTL" офисининг вайрон қилинишига сабаб бўлганди. Шунингдек, вақтинчали иншоотлар: ошхона, омборхона ва бошқалар ҳам талафот кўрганди.
Ҳодисада бир неча киши, жумладан, ошхона, кадрлар бўлими, “Enter Engineering” муҳандис-техник ходимларига тан жароҳати етганди. Тартибсизликларда тахминан минг нафар ишчи қатнашган. “Enter Engineering” компанияси маъмурий директори Темур Абдуллаев эса ўша вақтда бўлган воқеаларнинг асосий сабаби бор йўғи руҳий чарчоқ эканини айтганди.
Том босиб қолган ишчилар
Афсуски ушбу компанияга алоқадор бундай воқеалар шу билан тугамади, балки янада аянчлироқ тус олди. Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент вилояти Олмалиқ кон металлургия комбинатидаги 3-мисни бойитиш фабрикаси қурилишида қурувчиларни том босиб қолгани ҳақида хабар тарқалди.
Аниқланишича, республикада ўша вақтда давом этаётган совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли “Enter Engineering” компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаган. Оқибатида 3 нафар ҳиндистонлик ишчи ҳалок бўлди, 20 га яқин ходим жароҳатланди.
Кейинчалик ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
“Отни калласидай” солиқ имтиёзи олувчи корхона
Шу ўринда бир маълумот этиборни тортди. Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2022 йил якуни бўйича эълон қилган ҳисоботига кўра, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” энг кўп солиқ имтиёзлари олган давлат корхоналари ичида иккинчиси бўлган. Комбинатга 3 трлндан ошиқ солиқ имтиёзи берилган. Агентликка кўра, 2022 йилда давлат иштирокидаги 40 та энг йирик корхоналардан давлат бюджети учун 47 трлн сўм солиқ олинган бўлса, 15 трлн 670 млрдлик солиқ имтиёзлари берилган. Энг кўп солиқ имтиёзи олишда биринчиликни “Навоий кон металлургия заводи” эгаллаган. Завод 19 трлн 401 млрд сўм солиқ тўлаган бўлса 87,7 трлн сўм миқдорда солиқ имтиёзи олган.
Ҳамма жойда ҳозир-у нозир компания
Эсингизда бўлса 2023 йилда Бухоро марказий стадиони бузилишидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали бир қанча спортчи ва мураббийлар Президентга мурожаат қилганди.
Одамларнинг норозилигига Бухорода 2023 йилда туризм маркази қуриш мақсадида шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари атрофидаги барча бино ва иншоотлар бузилиши сабаб бўлганди. Уларнинг орасида яқинда таъмирдан чиқарилган катта спорт мажмуаси ҳам бор.
Ушбу марказ қурилиши тепасида ҳам “Enter Engineering” компанияси турибди. Энг қизиғи Бухорода туризм маркази қуриш компанияга ёпиқ тарзда ҳеч қандай тендерларсиз берилган. Қурилиш вазири Ботир Зокиров эса бунинг сабабига изоҳ берар экан, мазкур компания Самарқанддаги туризм маркази ва Имом ал-Бухорий мажмуаси қурилишларида “ўзини яхши томондан кўрсатган”ини айтганди.
Хўш, кўп қиррали, ҳамма ерда ҳозир-у нозир, аммо ишчиларини ойликдан қисадиган “Enter Engineering” компанияси ўзи қандай компания ва у кимга тегишли?
“Enter Engineering” кимники?
“Enter Engineering” компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, у Ўзбекистонда нефть ва газ, саноат ва фуқаролик обектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади. Компанияга ўзбекистонлик олигарх Бахтиёр Фозилов эгалик қилади.
Тақдирни қарангки, “Enter Engineering”дан ташқари Eriell Group ва Ferkensco каби йирик ўзбек ва халқаро компанияларнинг асосий акциядори ҳисобланадиган Бахтиёр Фозилов Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси ҳамдир. Шунингдек, унинг Ўзбекистон хоккей федерацияси президенти лавозими ҳам бор.
2022 йилда унга тегишли “Enter Engineering” компанияси Ўзбекистондаги энг йирик сайёҳлик маркази “Silk Road Samarkand”ни қурди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан эса Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтди. Худди шу йилда “Air Samarkand” авиакомпанияси ташкил этилди, унинг назорат пакети Бахтиёр Фазиловга тегишли. Бундан ташқари, у Самарқанд аэропортини бошқарадиган “Air Marakanda” компаниясининг эгаси ва уни модернизация қилиш бўйича инвесторлардан бири ҳисобланади.
У 2019 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Биз фақат бўлган ва бўлаётган воқеалар ҳақида маълумот бердик. Барча айтганларимиз бўйича хулоса ўзингиздан. Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь