Тадбиркор ҳисоб рақамида валюта борлигини бировга кўрсатишга қўрқарди – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 20 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, айни пайтда Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар олдида нутқ сўзламоқда.

“Кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар. Агар биз иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитлар яратилганини таъкидлади. 

“Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тадбиркорда қўрқув бўлганини, ҳисоб рақамида валюта борлигини бировга кўрсатишга қўрққан вақтлар бўлганини таъкидлади. 

“Фақат сизлар (тадбиркорлар) эмас, жамият қўрқарди. 5 йил ичида 25 йил ичида олган GSP+ олганимиз кичкина гап эмас”, деди Мирзиёев.

Маълумот учун, GSP+ тизими Европа иттифоқига 6200 та товарни имтиёзлар билан (божларсиз) экспорт қилиш имконини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг